Ўзбекистон ва Ўмон янги ташаббусларни амалга оширишга келишиб олди

Тошкентда Уммон томони фаол сармоявий иштирок этиши мумкин бўлган соҳалар ва имкониятлар кўриб чиқилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 13 окт — Sputnik. Ўзбекистон ва Ўмон янги ташаббусларни амалга оширишга келишиб олди. Бу ҳақда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги хабар берди.
Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов “Asyad Group” (Уммон) бошқаруви раиси Шайх Носир Сулаймон ал-Ҳартий бошчилигидаги делегация билан музокаралар ўтказди.
Қайд этилишича, Компаниянинг кўп тармоқли фаолиятини эътиборга олган ҳолда, Ўзбекистон-Ўмон савдо-иқтисодий ва сармоявий муносабатлари кўриб чиқилди.
Бунда Ўмон томони фаол сармоявий иштирок этиши мумкин бўлган фойдаланилмаган соҳалар ва имкониятларга алоҳида эътибор қаратилди.
Айтилишича, Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолияти учун яратилган қулай шарт-шароитлар, тўқимачилик саноати, қишлоқ хўжалиги, логистика, кўчмас мулк бошқаруви, меҳмонхона бизнеси ва туризм каби соҳаларда узоқ муддатли истиқболда соф жорий қиймати юқори бўлган лойиҳалар тақдим этилди.
Музокаралар якунида томонлар ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга собит қолишларини билдирилди. Янги ташаббусларни амалга ошириладиган иқтисодиёт тармоқлари белгилаб олинди ҳамда барча келишувларни қамраб олган Ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди.