Ўзбекистон ва ЕОИИ

ЕОИИ ялпи ички маҳсулоти жаҳон иқтисодиёти ўсиш суръатларини ортда қолдирди

Қайд этилишича, иттифоқчи давлатларнинг барқарор ўсишига эришиш воситаларидан бири ЕОИИнинг яшил трансформацияси ҳисобланади.
Sputnik
TOШКЕНТ, 10 окт — Sputnik. Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) ялпи ички маҳсулоти 3,8 фоизга ўсиб, жаҳон иқтисодиёти ўсиш суръатларини ортда қолдирди. Бу ҳақда Евроосиё иқтисодий комиссияси (ЕИК) Макроиқтисодий сиёсат департаменти директори Асқар Жаппаркулов маълум қилди, деб ёзмоқда комиссия матбуот хизмати.
Осиё ва Тинч океани учун Иқтисодий ва Ижтимоий Комиссия (ОТОИИК) вакиллари ЕОИИ мақсадларига мос келадиган барқарор ривожланиш мақсадларига эришишдаги ютуқларни қайд этишди.
Мулоқот ОТОИИК субминтақавий офиси томонидан Олмаота шаҳрида ташкил этилган Барқарор ривожланиш мақсадларини (БРМ) амалга ошириш бўйича Шимолий ва Марказий Осиёнинг VIII кўп томонлама форуми доирасида бўлиб ўтди.
ЕИК Макроиқтисодий сиёсат департаменти директори Асқар Жаппаркулов БРМ 8 га бағишланган “Барқарор, инклюзив ва барқарор иқтисодий ўсишга кўмаклашиш, тўлиқ ва самарали бандлик ва ҳамма учун муносиб меҳнат” сессиясида 2023 йилда ЕОИИ ялпи ички маҳсулоти 3,8 фоизга ўсиб, жаҳон иқтисодиёти ўсиш суръатларини ортда қолдирганини таъкидлади.
Жорий йилда иқтисодий ривожланиш суръатлари янада юқори: биринчи ярим йиллик якунларига кўра, Иттифоқ ялпи ички маҳсулоти 4,6 фоизга ўсди. Унинг сўзларига кўра, иттифоқчи давлатларнинг барқарор ўсишига эришиш воситаларидан бири ЕОИИнинг яшил трансформацияси ҳисобланади.
Шу нуқтаи назардан, ЕИК томонидан ишлаб чиқилган муҳим ҳужжат Иттифоқда яшил иқтисодиёт тамойилларини жорий этиш концепцияси ҳисобланади. Ушбу ҳужжатнинг тайёрланиши БРМга эришишни жадаллаштириш учун интеграция салоҳиятидан фойдаланишга қаратилган аниқ қадамдир.
“Концепция миллий экологик тартибга солиш тизимларини ўзаро тан олишга кўмаклашувчи яшил иқтисодиётни ривожлантиришга ягона ёндашувни таклиф этади. Бу, ўз навбатида, “иқлим тўсиқлари” деб аталадиган – экологик ёки иқлимий сабабларга кўра жорий қилинган чекловчи чоралардан қочиш имконини беради”, — дея тушунтирди Жаппаркулов.
ОТОИИК вакиллари Шимолий ва Марказий Осиё минтақаси 2030 йилгача БРМга эришишда жиддий муаммоларга дуч келаётганини таъкидлашди. Айрим БРМлар, шу жумладан ЕОИИ мақсадларига мос келадиганлар, масалан, БРМ 8 ва БРМ17 бўйича тараққиёт қайд этилмоқда. Уларда Иттифоқ мамлакатлари яхши натижалар кўрсатмоқда.
“БРМ 17 (барқарор ривожланиш йўлида ҳамкорлик – таҳр.) бўйича Иттифоқнинг барча давлатлари БРМга эришиш мониторинги бўйича ўзларининг статистик имкониятларини яхшиладилар. Шундай қилиб, Евроосиё интеграцияси ЕОИИ давлатлари томонидан Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни тезлаштиради, деган тезис тасдиқланди”, — дейилади хабарда.
VIII форумида Жаҳон банки, ОТБ, Евроосиё тараққиёт банки, Халқаро меҳнат ташкилоти, ФАО, ЮНИСЕФ, ЖССТ вакиллари, шунингдек, Ўзбекистон, Россия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон делегациялари иштирок этди.
Осиё ва Тинч океани учун иқтисодий ва ижтимоий комиссия (ОТОИИК) БМТ Иқтисодий ва Ижтимоий Кенгашининг бешта минтақавий комиссияларидан бири ҳисобланади. Иштирокчи мамлакатлар ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни рағбатлантириш учун 1947 йилда ташкил этилган. Ҳозирги вақтда ОТОИИК нинг асосий вазифаси экологик барқарор ривожланиш, савдо ва инсон ҳуқуқлари соҳаларида глобаллашув жараёнини бошқаришдан иборат.