Ўзбекистон Марбург вирусининг олдини олиш мақсадида чегараларда ҳушёрликни оширди

Санэпидқўмита: фуқароларимизга жиддий хавотирга ўрин йўқлигини маълум қиламиз.
Sputnik
TOШКЕНТ, 9 окт — Sputnik. Ўзбекистон Марбург вируси иситмасининг олдини олиш мақсадида чегараларда ҳушёрликни оширди. Бу ҳақда Санэпидқўмита ахборот хизмати маълум қилди.

“Марбург вируси иситмасининг олдини олиш ва унинг эҳтиёт чораларини кучайтириш мақсадида Ўзбекистон давлат чегарасини кесиб ўтиш жойларида Cанитария назорат пунктларининг (СНП) ҳушёрлиги оширилган”, — дейилади хабарда.

Марбург иситмаси билан касалланишнинг олдини олиш мақсадида амалга оширилаётган ишлар:
Геморрагик иситма касаллигига гумон қилинган беморларни ўз вақтида аниқлаб, изоляторларга алоҳидалаш;
гумон қилинган беморлар билан мулоқотда бўлган тиббиёт ходимлари томонидан стандарт эҳтиёт чораларини кўриш, қўшимча равишда инфекцияни юқтиришининг олдини олишга қаратилган шахсий химоя воситаларидан тўлиқ фойдаланиш;
гумон қилинган беморларнинг қонига тегмаслик, бемор ажратган тана суюқликлари, шунингдек, улар билан ифлосланган юзалар билан мулоқотда бўлмаслик;
касалликнинг этиологияси, клиникаси, лаборатор ташхисоти ва касалликнинг олдини олиш ва профилактикаси бўйича тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш;
касалликни назорат қилишда хавфсиз инъекция усулларини қўллаш, шахсий ҳимоя воситаларидан тўғри фойдаланиш, қайта ишлатилаётган тиббий асбобларни зарарсизлантириш ва чиқиндиларини хавфсиз йўқ қилиш;
инфекция бўйича аҳолини хабардорлигини ошириш мақсадида аҳоли орасида тушунтириш ва тарғибот ишларини амалга ошириш.
"Шу ўринда фуқароларимизга жиддий хавотирга ўрин йўқлигини маълум қиламиз", — дея қайд этилган хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Жаҳон Cоғлиқни сақлаш ташкилоти Африка қитъасидаги Руанда давлатида Марбург геморрагик иситмаси қайд этилганлигини маълум қилди. Унга кўра, 28 сентябрь ҳолатига Руанданинг 30 та округининг еттитасида, жами 26 та тасдиқланган ҳолат рўйхатга олинган ва шундан 6 та ҳолатда ўлим қайд этилган.
ЖССТ ушбу эпидемия хавфини миллий даражада жуда юқори, минтақавий даражада юқори ва бутун дунё даражасида паст деб баҳоламоқда.
ЖССТ яқин орада янги пандемия пайдо бўлиши хавфидан огоҳлантирди