Қозоғистон фуқароларининг 71,12 фоизи АЭС қурилишини қўллаб-қувватлади

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси вакиллари референдум жараёнларида халқаро кузатувчи сифатида иштирок этди.
Sputnik
TOШКЕНТ, 7 окт — Sputnik. Қозоғистон фуқароларининг 71,12 фоизи мамлакатда атом электр станцияси (АЭС)ни қуриш қарорини қўллаб-қувватлади, дея хабар берди Қозоғистон Марказий сайлов комиссияси.
Қозоғистонда 6 октябрь куни атом электр станциясини қуриш бўйича референдум бўлиб ўтди. Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, Остона вақти билан эрталаб соат 8:00 да овозларни санаш якунланди.
Дастлабки натижаларга кўра, референдумда фуқароларнинг 71,12 фоизи Қозоғистонда атом электр станциясини қуриш қарорини ёқлаб овоз берган.
Овоз беришда иштирок этган фуқаролар сони 7 миллион 820 минг 204 нафарни ёки референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга фуқаролар сонининг 63,66 фоизини ташкил этди.
Шундай қилиб, референдумга қўйилган масалани ижобий ҳал этиш учун овоз берган фуқаролар сони 5 миллион 561 минг 937 нафар ёки 71,12 фоизни ташкил этди.
Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси раиси бошчилигида комиссия делегацияси мазкур референдум жараёнларида халқаро кузатувчи сифатида иштирок этди.
Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси раиси бошчилигида комиссия делегацияси мазкур референдум жараёнларида халқаро кузатувчи сифатида иштирок этди.
“Кузатув жараёни Қозоғистон Марказий сайлов комиссияси билан икки томонлама ҳамкорлик доирасида ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Туркий Давлатлар Ташкилоти ва Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти миссиялари таркибида амалга оширилди”, — дейилади МСК хабарида.
Маълумот учун, 18 ёшга тўлган Қозоғистон фуқаролари референдумда овоз бериш ҳуқуқига эга. Референдумда иштирок этиш учун овоз берувчилар рўйхатига 12 244 683 нафар Қозоғистон фуқароси киритилди. Овоз бериш бюллетенида давлат ва рус тилларида “Сиз Қозоғистонда атом электр станцияси қурилишига розимисиз?” деган савол ёзилган бўлиб, овоз берувчилар “Ҳа, розиман” ёки “Йўқ, рози эмасман” танловларига овоз беришди. Агар овоз беришда иштирок этган фуқароларнинг ярмидан кўпи уни қўллаб-қувватлаб овоз берган бўлса, референдумда кўтарилган масала бўйича қарор қабул қилинган ҳисобланади.
Қозоғистонда АЭС қуриш бўйича референдум бўлиб ўтган деб тан олинди