Малайзия Ўзбекистонга ислом суғуртасини жорий этишни таклиф этди

Малайзиялик мутахассислар Ўзбекистонда ислом суғуртасини равнақи учун катта салоҳият мавжудлигини маълум қилишди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 6 окт — Sputnik. Малайзиялик мутахассислар Ўзбекистонда исломий суғурта тизимини жорий этишни таклиф этди. Бу ҳақда Ўзбекистон элчихонасида бўлиб ўтган учрашувда сўз борди, дея хабар берди “Дунё” АА.
Ўзбекистон элчихонасида Малайзиянинг "Startegic Horizon Management System" компанияси бош консультанти Сайфул Бахри бин Сарони ва "Abkari Risk Management" компанияси директори Идрус бин Мат Наян билан учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот аввалида Малайзия исломий суғуртаси – такафул ва уни Ўзбекистонда жорий этиш истиқболлари тўғрисида тақдимот ўтказилди.
Сайфул Бахрининг таъкидлашича, Ўзбекистонда тадбиркорлик субъектларининг йилдан йилга ислом молияси хизматларига қизиқиши ортиб бораётганлиги сабабли мамлакатда ислом суғуртасини равнақи учун катта салоҳият мавжуд.
“Малайзиялик мутахассислар Ўзбекистонда дастлабки босқичда давлат суғурта компаниялари таркибида алоҳида такафул хизматларини ташкил этиш орқали ушбу тажрибани босқичма-босқич хусусий суғурта компанияларида татбиқ этишни таклиф қилмоқда”, — дейилади хабарда.
Бунинг учун Малайзия томони "Syarikat Takaful Malaysia Bhd.", "Takaful Ikhlas Sdn. Bhd" ва "ETIQA Takaful Bhd." каби мамлакатнинг ҳукуматга тегишли исломий суғурта компанияларини Ўзбекистон давлат суғурта компаниялари билан ҳамкорликка жалб этиш масаласини ишлаб чиқишга тайёрлигини билдирди.
Малайзия ҳукумати исломий суғурта экотизимини яратиш бўйича 1982 йилда илк тамал тошини қўйган. 1984 йилга келиб Такафул тўғрисида қонун қабул қилинган ва шу йилнинг ўзида биринчи ислом суғурта давлат компанияси ташкил этилган.
Такафулнинг оддий суғуртадан фарқи – унда махсус суғурта жамғармаси тузилади. Жамғарма аъзолари олдиндан эълон қилинган тартиб-қоидага кўра, суғурта учун тўланган бадаллар жамғармага киритилади. Жамғарма эса ўз мулкига айланган ушбу маблағлар ҳисобидан аъзоларининг тегишли зарарларини қоплаб туради. Йил якунида суғуртадан ортган маблағларнинг бир қисми жамият низомидаги тартиб-қоидалар асосида кейинги йиллар захирасига олиб қўйилиши ёки аъзолар ўртасида тақсимланиши ҳам мумкин.