Ўзбекистон аҳолининг турмуш даражасини оширишда хориж тажрибасидан фойдаланмоқчи

Самарқандда “Маҳаллий аҳолининг турмуш даражасини оширишда маҳалланинг ўрни” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтмоқда.
Sputnik
TOШКЕНТ, 3 окт — Sputnik. Ўзбекистон аҳолининг турмуш даражасини оширишда хориж тажрибасидан фойдаланиб, миллий дастур ишлаб чиқишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Самарқандда бўлиб ўтаётган “Маҳаллий аҳолининг турмуш даражасини оширишда маҳалланинг ўрни” мавзусидаги халқаро конференцияда маълум қилинди, дея хабар берди Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Тадбирда БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари, соҳа мутахассислари, олимлар, маҳалла фаоллари иштирок этмоқда. Тадбирнинг биринчи кунида мамлакатда ўзини ўзи бошқариш институтлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш соҳасида амалга оширалаётган ишлар ҳамда “Маҳалла еттилиги”нинг мақсад ва вазифалари тўғрисида маълумот берилди.
“Маҳаллада камбағалликни қисқартириш, тадбиркорлик лойиҳаларига 35 триллион сўм кам фоизли кредит, 7 триллион сўм субсидия берилди. Қолаверса, 260 минг гектар ер 800 минг аҳолига деҳқончилик учун ажратиб берилди. Бугунги кунда 4 минг 901 та маҳалла жиноятчиликдан, 2 минг 930 та маҳалла оилавий ажримдан, 1 минг 795 та маҳалла ишсизликдан ҳоли ҳудудга айлантирилди”, — дейди Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси Қаҳрамон Қуронбоев.
Қайд этилишича, “Маҳалла еттилиги” ва банклар ҳамкорлигида 650 минг 561 нафар аҳолининг бандлиги таъминланди.
“Жорий йилда меҳнат миграцияда юрган 418 минг 764 нафар фуқароларни қайтаришга эришилди, уларнинг 210 минг 170 нафари ишга жойлаштирилди”, — дея қайд этди у.
Унинг қўшимча қилишича, маҳаллаларнинг молиявий имкониятини кенгайтириш бўйича ер ва мол-мулк солиғи ҳисобидан 2,6 трлн сўм солиқ тушуми ундирилиб, 9 минг 452 та маҳалла бюджетига 264 млрд сўм даромад тушурилди.
“Мазкур саъй-ҳаракатлар натижасида фуқароларимиз тайинли иш жойига, яхши даромад манбаига эга бўлди. Хорижга иш излаб кетишдек оғир муаммолар бартараф этиляпти. Бундай юксак марраларга эришишда Ўзбекистон халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатлар билан ўзаро тажриба алмашиш, биргаликда турли дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш орқали яқин ҳамкорликни изчил давом эттиришдан манфаатдор. Хорижий давлатларнинг соҳадаги илғор тажрибасини ўрганиш, зарур жиҳатларидан фойдаланиб, миллий дастур ишлаб чиқиш мақсадимизга янада тезроқ етишга ёрдам беради. Бугунги анжуманда иштирок этаётган халқаро экспертлар, малакали мутахассислар, олимлар билдирадиган амалий таклиф ва тавсиялар аҳолининг турмуш даражасини оширишда янги қадам бўлади, деб умид қиламан”, — дея қайд этди у.
Маълум қилинишича, конференция якунларига доир деклорация қабул қилиш режалаштирилган.