Тошкент ҳокими яна бир лавозимни эгаллади

Ўзбекистон шахмат федерацияси йиғилиши бўлиб ўтди.
Sputnik
TOШКЕНТ, 3 окт — Sputnik. Пойтахт ҳокими Шавкат Умурзоқов Ўзбекистон шахмат федерацияси Тошкент шаҳар бўлими раиси этиб сайланди.
Қайд этилишича, Тошкент шаҳар спорт бошқармаси масъуллари, пойтахт спорт мактабларининг раҳбарлари ҳамда шахмат бўйича мураббий-мутахассислари иштирокидаги йиғилиш бўлиб ўтди.

“Йиғилишда Тошкент шаҳар ҳокими сифатида фаолият кўрсатиб келаётган Шавкат Умурзоқов Ўзбекистон шахмат федерацияси Тошкент шаҳар бўлими раиси этиб сайланди”, — дейилади федерациянинг Тошкент шаҳар бўлими хабарида.

Шу билан бирга раис ўринбосарлари, ижрочи директори ҳамда котиби ҳам сайланди.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг апрель ойида Шавкат Умурзоқов Тошкент шаҳар ҳокими этиб тасдиқланган эди.
Шавкат Умурзоқов 1979 йилда туғилган. 2022 йил 22 февраль куни у Ўзбекистон гимнастика федерацияси президенти этиб тайинланган. 2018 йилдан "Ўзавтосаноат" компанияси раҳбари бўлган. 2013-2018 йилларда Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш департаментини бошқарган. 2011 йилнинг июнь ойидан 2013 йилнинг сентябригача Тошкент вилояти прокуратурасида уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган.