ЖССТ яқин орада янги пандемия пайдо бўлиши хавфидан огоҳлантирди

Олимлар Марбург вируси энди Ер юзи бўйлаб кенг тарқалишидан хавотирда.
Sputnik
TOШКЕНТ, 3 окт — Sputnik. Марбург вируси дунёда янги пандемияга сабаб бўлиши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига (ЖССТ) таяниб хабар берди.
“Ташкилот яқин орада сайёрамизда янги пандемия пайдо бўлиши хавфидан огоҳлантирди. Бунга дунё бўйлаб Марбург вируси кенг тарқалиши сабаб бўлиши мумкин”, — дейилади хабарда
Экспертлар хулосасига кўра, оғир геморрагик иситмани келтириб чиқарувчи ушбу инфекциядан ўлим даражаси ўта юқори — 90 фоизга тенг.
Ҳозир Африка қитъасининг Руанда давлатида мазкур патология билан боғлиқ кўплаб ҳолатлар қайд этилган. Олимлар хавфли вирус энди Ер юзи бўйлаб кенг тарқалишидан хавотирда.
“Марбург иситмаси одамларга кўршапалаклардан юқиши мумкин. Қолаверса, инфекцияга чалинган беморлардан ажраладиган биологик суюқликлар (қон, тупик, пешоб) билан бевосита алоқа қилиш, шунингдек, турли жисмлар юзалари орқали ҳам фаол тарқалади”, — дейилади хабарда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, вирус Эбола сингари ўта юқумли ва ҳозирча тасдиқланган даво муолажалари мавжуд эмас. Бу хасталикка қарши вакциналар ҳам яратилмаган.
Касаллик белгилари бошқа тропик иситма патологиялари билан ўхшаш:
аломатлар тўсатдан бошланади ва бемор юқори тана ҳарорати, кучли бош оғриғи ҳамда безовталикдан азият чекади;
мушакларда оғриқлар кучайиб, тез-тез судирги юз беради;
диарея, кўнгил айниши ва қайт қилиш ҳолатлари ҳам кузатилиши мумкин;
касалликнинг бешинчи кунида кўкрак, орқа ва қорин бўшлиғида тошмалар пайдо бўлиши мумкин;
оғир вазиятларда эса саккизинчи-тўққизинчи кунга бориб ўлим ҳолати содир бўлиши эҳтимоли бор.
Маълумот учун, аввалги йилларда Марбург вируси Гана ва Экваториал Гвинея мамлакатларида ҳам рўйхатга олинган эди.