ТОШКЕНТ, 2 окт — Sputnik. Тошкентда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ)нинг II халқаро статистика форуми ўз ишини бошлади, дея хабар берди Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Форумда 150 нафардан зиёд иштирокчилар, жумладан, МДҲ Давлатлараро Статистика қўмитаси раҳбарияти, МДҲ Ижроия қўмитасининг вакиллари, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Статистика бўлими директори, БМТ ЕИК Статистика бўлими директори ҳамда 20 тага яқин хорижий давлатлар статистика идораларининг биринчи раҳбарлари ва бошқа халқаро ташкилотлар экспертлари қатнашмоқда.
Иштирокчилар статистика соҳасида рақамли технологияларни кенг қўллаш бўйича илғор халқаро тажриба алмашиш, рақамли трансформация шароитида статистик жараёнларни модернизация қилиш, расмий статистик маълумотларни, жумладан, катта маълумотлар ва сунъий интеллектни яратиш учун муқобил маълумотлар манбаларидан фойдаланиш масалаларини муҳокама қилишмоқда.
Қайд этилишича, 2023 йилда халқаро ташкилотлар учун 49 та сўровнома, жумладан, БМТ Статистика бўлими учун 10 та, Европа Иқтисодий Комиссияси учун 5 та, ЮНЕСКО учун 9 та, Халқаро меҳнат ташкилоти учун 2 та, Халқаро электралоқа иттифоқи учун 2 та ва бошқа 14 та сўровнома тўлдирилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон "Open Data Inventory" (ODIN) очиқ маълумотлар рейтингида 70 балл билан 195 та давлат орасида 30-ўринни эгаллаб, Марказий Осиёдаги етакчилигини сақлаб қолди. БМТ Барқарор ривожланиш ечимлари тармоғи “Барқарор ривожланиш мақсадлари” индексида мамлакат 71,1 индекс билан 166 та давлат орасида 69-ўринни эгаллади. Қолаверса, "Open Data Watch" ҳисоботида Ўзбекистон 69,7 балл тўплаган ҳолда “Очиқ гендер маълумотлар” индекси бўйича етакчи 20 та давлат қаторига кирди.
БМТ Статистика бўлими веб-сайтида Ўзбекистон ҳам барқарор ривожланиш бўйича илғор тажрибага эга 87 та давлат қаторига киритилган.
“Бизнинг асосий мақсадимиз – топ-30 “электрон ҳукумат” қаторига кириш", — дея маълум қилинди тадбирда.
Халқаро форум сессияларида Россия, Беларусь, Арманистон ва Тожикистон тажрибасидан келиб чиққан ҳолда маълумотларни бошқариш ва миллий даражада ахборот ресурсларини интеграциялашуви бўйича тақдимотлар ўтказилади. Хусусан, статистик маълумотларни тўплаш, қайта ишлаш, таҳлил қилиш ва тарқатишнинг ҳозирги тенденциялари муҳокама қилинади.
Статистика агентлиги таъкидлаганидек, рақамли технологияларни статистик соҳага интеграция қилишдан асосий мақсад барча фойдаланувчилар учун юқори сифатли статистик маълумотлардан осон ва тушунарли фойдаланишни таъминлашдан иборат.
Шундай қилиб, агентлик статистик маълумотларни тўплаш учун 16 тадан ортиқ вазирлик ва идораларнинг 30 тадан ортиқ маъмурий маълумотлар базасини бирлаштирди. Бу фойдаланувчиларни ишончли статистик маълумотлар билан таъминлаш, шунингдек, республикадаги ижтимоий-иқтисодий вазият бўйича 100 тадан ортиқ асосий статистик кўрсаткичларни онлайн янгилаш ва эълон қилиш имконини берди, бу статистик ва таҳлилий маълумотларни қидириш вақтини сезиларли даражада қисқартирди.
Форум доирасида кун тартибидаги барча масалалар муҳокамаси билан бирга Статистика идоралари раҳбарлари, МДҲ Статистика қўмитаси ва бошқа халқаро ташкилотлар раҳбарлари ҳамда экспертлари учрашувлари МДҲга аъзо давлатлар статистика хизматлари раҳбарлари кенгашининг 70-йиғилиши ўтказилади.
Статистика форуми ўз ишини 4 октябрга қадар давом эттиради.