Сенаторлар креатив иқтисодиёт ҳақидаги қонунни маъқуллашди

Олий Мажлис Сенатининг эллик саккизинчи ялпи мажлисида “Креатив иқтисодиёт тўғрисида”ги қонун маъқулланди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 1 окт— Sputnik. Сенаторлар креатив иқтисодиёт ҳақидаги қонунни маъқуллашди, дея хабар берди юқори палата матбуот хизмати.
Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг эллик саккизинчи ялпи мажлисида “Креатив иқтисодиёт тўғрисида”ги қонун маъқулланди.
“Мазкур Қонун билан креатив иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш, ривожлантириш ва ушбу соҳадаги муносабатларни тартибга солиш назарда тутилиб, унда креатив иқтисодиёт соҳалари сифатида 15 та йўналиш белгиланмоқда. Ҳужжатда креатив иқтисодиёт бўйича давлат сиёсатининг амалга оширилиши механизми, Вазирлар Маҳкамасининг, вазирлик, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг соҳага оид ваколатлари белгилаб қўйилмоқда”, — дейилади хабарда.
Креатив иқтисодиётни ривожлантириш бўйича республика кенгаши ташкил этилиши, ушбу кенгаш жамоатчилик асосида фаолият олиб борадиган маслаҳат органи ҳисобланиши назарда тутилмоқда.
Ҳужжат асосида креатив иқтисодиёт учун зарур инфратузилма яратиш ва қўллаб-қувватлаш механизмлари вазифалари белгиланмоқда:
креатив индустриялар парки ва кластерлари;
рақамли платформалар;
арт-резиденциялар;
креатив индустрия марказлари;
инновацион ускуналар ва технологиялар;
рақамли дастурлар ва платформалар яратилиши;
креатив индустриялар парки.
Қонун асосида ички ва ташқи бозорларда креатив индустрия соҳаларидаги лойиҳаларни яратиш, ишлаб чиқариш ва илгари суриш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш мақсадида креатив иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш жамғармалари ташкил этилиши ҳамда ушбу жамғармалар маблағларидан фойдаланишнинг асосий йўналишлари белгиланмоқда.
“Креатив индустрияларининг республика иқтисодиётига ҳиссасини аниқлаш мақсадида статистик кўрсаткичларини шакллантириш ҳамда креатив иқтисодиётни ривожлантиришда миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳисобга олиш, маданий меросни асраш қонун даражасида белгиланмоқда”, — дея қайд этилган хабарда
Сенаторларнинг фикрича, мазкур қонуннинг қабул қилиниши Ўзбекистоннинг Глобал инновациялар индексидаги ўрнини оширишга, креатив индустрия соҳасидаги инновацион ғоялар ва лойиҳаларни ривожлантиришга, маданият ва меросни оммалаштиришиб, халқаро ва ички туризмни ривожлантиришга қаратилган креатив маҳсулотлар ва хизматларни сотиш учун шароитлар яратишга хизмат қилади.
Маълумот учун, бугунги кунда креатив иқтисодиёт жараёни кўплаб мамлакатларнинг иқтисодий ўсишида муҳим рол ўйнамоқда. Креатив иқтисодиёт мусиқа, нашриёт, архитектура, телевидения, санъат, маданият, дизайн, оммавий ахборот воситалари, реклама, мода, кино ва ҳаттоки баъзи юқори технологияли тармоқлар каби турли соҳаларни ўз ичига олади.