Мирзиёев ўқитувчи ва мураббийларни байрам билан табриклади

Ўзбекистонда 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар байрами нишонланмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 1 окт — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўқитувчи ва мураббийларни касб байрами билан табриклади.
Давлат раҳбари эл-юрт азалдан эъзозлаб келадиган ўқитувчи ва мураббийларнинг мақомини, қадр-қимматини янада юксалтириш давлат сиёсатининг энг муҳим, ҳал қилувчи йўналишига айланганини таъкидлади.
“Барчамиз яхши тушунамизки, ўз олдимизга қўйган буюк мақсадларга етишда – жонажон Ўзбекистонимизни эркин ва фаровон, ҳар томонлама обод мамлакатга айлантиришда соҳа ривожини янги сифат босқичига кўтариш ҳал қилувчи аҳамият касб этади”, - дейилади президент табригида.
Қайд этилишича, бугунги кунда ўқитувчиларнинг иш ҳақи 2016 йилга нисбатан ўртача 2,5 марта, профессор-ўқитувчиларнинг ойлик маоши эса 4,5 карра ўсгани, октябрь ойидан педагог ходимларнинг иш ҳақи яна 15 фоизга оширилиши шу борадаги саъй-ҳаракатлар натижасидир.
Мирзиёев давлат таълим ва тарбия тизимини янада равнақ топтириш, соҳа ходимлари учун муносиб меҳнат ва турмуш шароитларини яратиш масаласига бундан буён ҳам устувор аҳамият бериши ва ўқитувчиликни жамиятда энг обрўли касблар қаторига олиб чиқишини маълум қилди.
Мирзиёев таълим сифатини ошириш бўйича янги вазифалар белгилаб берди