ТОШКЕНТ, 1 окт — Sputnik. Ўзбекистонда1 октябрдан қонунчиликда қатор ўзгаришлар рўй беради ва қонунлар кучга киради. Aдлия вазирлиги улар ҳақида маълумот берди.
Иш ҳақи, энг кам иш ҳақи ва БҲМ оширилади
Ўзбекистонда 1 октябрдан бюджет ташкилотларида ишлайдиган тиббиёт ходимлари ҳамда мактабгача, умумтаълим, ўрта махсус, касб-ҳунар ва мактабдан ташқари таълим муассасалари ва ташкилотлари, "Мурувват" интернат уйлари, Болалар уйлари ва "Меҳрибонлик" уйлари, болалар санаторияларида ишлайдиган педагог ходимларнинг иш ҳақи миқдори 15 фоизга оширилади.
Бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи миқдори, тиббиёт ва педагог ходимлардан ташқари, 10 фоизга оширилади. Энг кам иш ҳақи миқдори — ойига 1 155 000 сўм, БҲМ — 375 000 сўм этиб белгиланмоқда.
Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги давлат бошқаруви янада такомиллаштирилади
2024 йил 1 октябрдан ишлаб чиқарилган ва четдан олиб кириладиган хавфлилик даражаси юқори бўлган маҳсулотларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби жорий этилади.
Бунда, республика ҳудудига олиб кирилаётган маҳсулотлар давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома божхона ҳудудига келишидан аввал "Ягона дарча" божхона ахборот тизимига ва Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига импорт қилувчи томонидан жойлаштирилиши шарт.
Шунингдек, 1 октябрдан техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун қуйидагилар амалга оширилади:
техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига номувофиқ маҳсулотни муомаладан чиқариш ёки маҳсулотнинг камида 60 фоизини чақириб олиш тўғрисидаги кўрсатмаларни бажармаганлик учун — юридик шахсларга реализация қилинган маҳсулот қийматининг 100 фоизи миқдорида молиявий жарима қўллаш;
техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига номувофиқ маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва реализация қилиш ҳолатлари тасдиқланганда, ушбу маҳсулотларга расмийлаштирилган мувофиқлик сертификатини Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси томонидан тўхтатиб туриш;
сертификатлаштириш органининг қоидаларга риоя этмаганлиги (шу жумладан, маҳсулот барча мажбурий кўрсаткичларга мувофиқлиги баҳоланмаганлиги) натижасида сифатсиз маҳсулотлар реализация қилинганлиги ҳолатлари аниқлаганда, мазкур органнинг сертификатлаш фаолиятини Инспекция томонидан тўхтатиб туриш.
Қурилиши тугалланган объектларни фойдаланишга қабул қилиш жараёни рақамлаштирилади.
2024 йил 1 октябрдан қурилиши тугалланган объектларни фойдаланишга қабул қилиш жараёни рақамлаштирилган ҳолда, "Шаффоф қурилиш" миллий ахборот тизимининг "Қурилишда давлат назорати" электрон платформаси орқали расмийлаштирилади.
Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш такомиллаштирилади.
1 октябрдан тазйиқдан жабрланган шахсларга руҳий инқироз ҳолатида бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш тизимини йўлга қўйиш мақсадида, шошилинч қабул бўлимларида туну кун ишлайдиган бирламчи кўмак хоналари ташкил этилади.
Бу кундан бошлаб ҳимоя ордери берилган ҳар бир ҳолатда тазйиқ ва зўравонлик содир этган ёки содир этишга мойил бўлган шахснинг зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастури "Инсон" марказлари билан келишилган ҳолда тасдиқланади.
Темир йўлда юк ташиш учун тақдим этилаётган чегирмалар босқичма-босқич бекор қилинади.
1 октябрдан босқичма-босқич 2025 йил 1 апрелгача республика ҳудудида темир йўл транспортида юк ташишда тақдим этилаётган чегирмалар бериш амалиётини бекор қилинади. Бу Ўзбекистон миллий қонунчилигини Жаҳон савдо ташкилоти битимларига мувофиқлаштириш йўлида амалга оширилади.
Истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқаришда қўшимча лицензия талаблари жорий этилади.
Ўзбекистонда 1 октябрдан истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқаришда қуйидаги қўшимча лицензия талаблари жорий этилади:
йиллик лицензия тўловларини, шунингдек, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлаш бўйича қонунчиликда белгиланган талабларга риоя қилиш;
алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқаришда ва уларнинг савдосида сифат талабларига, шунингдек, акциз маркаларини қўллаш ҳамда идентификация воситалари орқали мажбурий рақамли маркировкалаш тартибларига риоя этиш;
алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқариш жараёнларини мониторинг ва назорат қилиш имконини берувчи видеокузатув воситаларини ўрнатиш.
Шунингдек, 1 октябрдан:
яширин ишлаб чиқариш, акциз маркасиз, рақамли маркировкасиз ёки сифатсиз алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳолатлари аниқланганда ишлаб чиқариш ускуналари давлат фойдасига ўтказилади;
қалбаки акциз маркали, акциз маркасиз, рақамли идентификация воситаси билан маркировкаланмаган, қалбаки маркировка кодлари билан маркировкаланган алкоголь ва тамаки маҳсулотлари назорат қилувчи органлар томонидан муомаладан олинади ва ушбу маҳсулотлар билан савдо қилиш ҳуқуқини берувчи лицензия (рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат) белгиланган тартибда бекор қилинади;
истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари улгуржи реализациясига оид шартномалар солиқ органларида мажбурий ҳисобга қўйилади;
ҳар ярим йил якунлари бўйича ароқ, шунингдек, истеъмол этил спиртидан ароқ ва ликёр-ароқ маҳсулотларини ишлаб чиқаришда мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш кўрсаткичи 60 фоиздан кам бўлганда, белгиланган 60 фоизнинг бажарилмаган қисмига акциз солиғи суммасининг 50 фоизи миқдорида молиявий жарима ҳисобланади.
Бунда ҳар ярим йиллик якунлари бўйича мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш кўрсаткичи 60 фоиздан кўп бўлганда ва акциз солиғи тўлиқ тўланган тақдирда, ундирилган молиявий жарима суммалари корхонага қайтариб берилади.
Парранда гўшти импортига берилган имтиёз бекор қилинади
1 октябрдан янги сўйилган, совутилган ёки музлатилган уй паррандаси гўшти ва қўшимча озуқабоп маҳсулотлари (бутун гўшт, қанот, бел, бўйин, окорочок, голен, сон, қийма ва тери) Ўзбекистон ҳудудига олиб киришда белгиланган божхона божи бўйича берилган имтиёз бекор қилинади.
Давлат харидлари тизимида жамоатчилик назорати кучайтирилади
Давлат харидлари тизимини янада такомиллаштириш ва ушбу тизимда жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида 2024 йил 1 октябрдан давлат буюртмачилари томонидан тўғридан-тўғри шартномалар улар тузилишидан олдин камида 1 иш куни, шунингдек, тендер савдолари натижаларига кўра расмийлаштирилган баённомалар давлат харидлари махсус ахборот порталига жойлаштириш орқали камида 2 иш куни давомида жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилади.
Ногиронликни белгилаш тизими такомиллаштирилади
1 октябрдан ихтисослаштирилган (психиатрия, фтизиатрия ва пульмонология, педиатрия) Тиббий-ижтимоий экспертиза комиссиялари томонидан ногиронликни белгилаш тартиби бекор қилиниб, ногиронлик туманлараро ва туман (шаҳар) ТИЭКлар томонидан белгиланади.
Шунингдек, тиббий-ижтимоий экспертиза фаолияти самарадорлигини янада ошириш мақсадида 2024 йил 1 октябрдан:
ТИЭК ходимларини улар фаолияти самарадорлигининг энг муҳим кўрсаткичлари (KPI) бажарилишидан келиб чиқиб рағбатлантириш тизими йўлга қўйилади;
ихтисослаштирилган (психиатрия, фтизиатрия ва пульмонология, педиатрия) ТИЭКларнинг вазифалари ва штат бирликлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлараро ва туман (шаҳар) ТИЭКларга ўтказган ҳолда тугатилади;
жойлардаги ТИЭКларга педиатр, психиатр, фтизиатр штатлари ажратилади.
Ногиронлиги бўлган шахсларга қулай ва тўсиқларсиз муҳит яратилади
1 октябрдан:
реконструкция қилинадиган ва таъмирланадиган шаҳарсозлик фаолияти объектларининг шаҳарсозлик ҳужжатлари лойиҳаларининг техник қисми ногиронлиги бўлган шахсларга шароитлар яратиш бўйича шаҳарсозлик норма ва қоидаларида белгиланган талабларга мувофиқлиги юзасидан мажбурий экспертизадан ўтказилади;
ҳар йили "Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда" республика жамғармаси маблағларининг камида 10 фоизи чорраҳаларда ногиронлиги бўлган шахслар (пиёдалар) учун хавфсиз ва тўсиқсиз муҳит яратиш бўйича қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларига йўналтирилади.
Шунингдек, 1 октябрдан:
шаҳар йўловчи транспортида I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс ва уларга ҳамроҳлик қилувчи бир нафар шахсга бепул хизмат кўрсатилади;
I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг шахсий автотранспорт воситаларини мослаштириш харажатларининг 50 фоизи (БҲМнинг 30 бараваригача бўлган миқдорда) қоплаб берилади.
Заргарлик саноатида ишлатиладиган лигатура маҳсулотлари божхона божидан озод этилади.
Ўзбекистонда 2024 йил 1 октябрдан 2027 йил 1 октябргача:
заргарлик саноатида ишлатиладиган лигатура маҳсулотларини импорт қилишда махсус турдаги товарлар импорти учун лицензия олиш талаби бекор қилинади;
Ўзбекистон ҳудудига олиб кириладиган ва заргарлик саноатида ишлатиладиган лигатура маҳсулотлари божхона божидан озод этилади.
Шунингдек, 2024 йил 1 октябрдан 2027 йил 1 октябргача:
белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича импорт қилинадиган, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган ҳамда заргарлик соҳасида фойдаланиладиган асбоб-ускуналар, қадоқлаш ва этикеткалаш маҳсулотлари божхона божидан озод этилади;
"Uzbek Jewellery Fair" халқаро кўргазма савдоси доирасида Ўзбекистоннинг норезидентлари томонидан республика ҳудудига вақтинча олиб кириладиган ҳамда кейинчалик қайтариб олиб чиқиладиган заргарлик буюмларига нисбатан божхона ҳужжатларини расмийлаштиришда божхона йиғимлари ундирилмайди.
Овчилик гувоҳномасини олиш учун янги қоидалар жорий этилади
1 октябрдан овчиларга овчилик йўлланмаси ёввойи ҳайвонларни тутишга доир квоталар асосида электрон дастур орқали берилади.
Шунингдек, овчилик гувоҳномасини беришнинг қуйидаги тартиби ўрнатилади, жумладан:
овчилик гувоҳномасини олиш учун талабгорларни махсус ўқув курсларида ўқитиш жорий этилади;
овчилик гувоҳномаси муомалага лаёқатли, 18 ёшга тўлган, ўқув курсларини тугатган ва тест синовларидан муваффақиятли ўтган жисмоний шахсларга ЯИДХП орқали 2 йил муддатга берилади.
Норматив ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини соддалаштирилган ва кенгайтирилган баҳолаш тартиби жорий этилади
2024 йил 1 октябрдан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тартибга солиш таъсирини баҳолашнинг соддалаштирилган ва кенгайтирилган тартиби жорий қилинади.
Соддалаштирилган тартибда лойиҳа ишлаб чиқилишидан олдин қуйидаги тартибга солиш воситалари баҳоланади ва баҳолаш натижалари юзасидан Адлия вазирлигининг дастлабки хулосаси олинади:
жисмоний ва юридик шахсларга мажбурият, талаб, тақиқ, жавобгарлик ёки бошқа чекловларни белгилаш, уларни ўзгартириш ёхуд талабларга риоя қилишни ёки уларни бажаришни таъминлаш билан боғлиқ таъсир чораларини қўллаш;
жисмоний ва юридик шахсларга мажбурият, талаб, тақиқ, жавобгарлик ёки бошқа чекловларни белгилаш, уларни ўзгартириш ёхуд талабларга риоя қилишни ёки уларни бажаришни таъминлаш билан боғлиқ таъсир чораларини қўллаш;
тадбиркорлик субъектларига тақдим этилаётган имтиёз, преференция ва давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг бошқа турларини жорий қилиш, уларнинг таъсир доирасини кенгайтириш ёки қисқартириш.
Кенгайтирилган тартибда қуйидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари баҳоланади:
соддалаштирилган баҳолаш натижалари бўйича иқтисодий, ижтимоий ва атроф-муҳитга таъсири даражаси юқори деб топилган лойиҳалар;
Олий Мажлис палаталари, Президент Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамаси топшириқлари ҳамда баҳолаш соҳасидаги ваколатли органлар, жамоатчилик ва бошқа манфаатдор томонларнинг таклифига кўра кенгайтирилган баҳолашдан ўтказилиши лозим деб топилган лойиҳалар.
ҚҚСнинг бир қисми қайтарилади
Туроператорлик ва меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларига ҳар ойнинг 25-санасига қадар тўланган ҚҚСнинг 20 фоизи қайтарилади.
"Xotin-qizlar.uz" платформаси доирасида Муаммоларни ўрганиш модули ишга туширилади
2024 йил октябрь ойидан "Xotin-qizlar.uz" платформаси доирасида Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва тизимли ҳал этиш модули (Муаммоларни ўрганиш модули) ишга туширилади.
Шунингдек, доимий равишда Муаммоларни ўрганиш модули орқали келиб тушган мурожаатлар билан ишлаш, хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал этиш юзасидан мониторинг юритилади.
Модулли меҳмонхона қуриш ва жиҳозлаш учун субсидия ажратилади
2026 йил 31 декабрга қадар тадбиркорлик субъектлари томонидан модулли меҳмонхонани қуриш ва жиҳозлаш (реконструкция қилиш бундан мустасно) харажатларининг бир қисмини қоплаш учун Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармасидан бир марталик субсидия ажратилади.
Унга кўра, субсидия 2024 йил 1 октябрдан 2026 йил 1 ноябргача мувофиқлик сертификати берилган янги ташкил этилган ҳамда камида 10 та модулдан иборат бўлган модулли меҳмонхона учун унинг тоифасидан қатъи назар ажратилади. Субсидия модулли меҳмонхонада яратилган ҳар бир жой учун 1 млн сўмдан белгиланади.
Ўқув марказлари рейтинги тузилади
Ёшлар ишлари агентлиги ҳар йили хусусий ўқув марказларининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри кесимидаги рейтингини тузади ҳамда расмий веб-сайтида эълон қилиб боради.
Рейтинг натижаларига кўра олис ва чекка ҳудудларда фаолият кўрсатувчи энг юқори кўрсаткичга эга 100 та хусусий ўқув марказининг таълим жараёнида фойдаланадиган бино ва иншоотлар учун ижара тўлови харажатларининг бир қисми компенсация қилинади.