Ким кўпроқ ижтимоий тармоқларга қарам — ЖССТ тадқиқоти

ЖССТ: Дунёда ҳар ўнинчи ўсмир ижтимоий тармоқлар ва компьютер ўйинларига қарам.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 30 сен — Sputnik. Айрим давлатларда ижтимоий тармоқларга қарамлик ҳолати ўғил болларга қараганда қизларда кўпроқ кузатилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ҳисоботига таяниб хабар берди.
ЖССТ янги асрдаги глобал муаммо — ижтимоий тармоқлар ва компьютер ўйинларига қарамлик оқибатлари ҳақида ҳисобот эълон қилди.
Унда қайд этилишича, ушбу муаммо туфайли дунё бўйича ҳар ўн ўсмирдан бири психологик қийинчиликларга дуч келмоқда.
Ўғил-қизлар ўртасида ижтимоий тармоқларга қарамлик даражаси 2018 йили 7 фоизни ташкил этган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 11 фоизга ошган.
“Ана шу ўсмирларнинг 12 фоизи руҳияти ва хулқ-атворига салбий таъсир кўрсатувчи дастурий ўйинлар таъсирига тушиб қолгани жиддий хавотир уйғотади”, — дейилади ҳисоботда.
Мазкур хулосаларни олиш учун 2022 йили Европа, Марказий Осиё давлатлари ва Канадани қамраб олган 44 та мамлакатда 11, 13 ва 15 ёшли 280 мингга яқин ёшлар ўртасида ижтимоий сўров ўтказилган.
Маълум бўлишича, мазкур қатламнинг 11 фоизи ижтимоий тармоқларга қарам бўлиб қолган. Бу ҳолат қизларда (13 фоиз) ўғил болаларга (9 фоиз) нисбатан кўпроқ. Компьютер ўйинларига боғланиб қолиш ҳолати эса ўғил болаларда (16 фоиз) қизларга (7 фоиз) нисбатан юқори.
Шундан келиб чиқиб, экспертлар муаммонинг олдини олиш учун зарур чора-тадбирлар кўриш юзасидан ҳукуматларга тегишли тавсиялар берди.