ТОШКЕНТ, 29 сен — Sputnik. Тошкентда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ)нинг II халқаро статистика форуми ўтказилади, дея хабар берди Статистика агентлиги.
Форум МДҲ Ижроия қўмитаси ва МДҲ Давлатлараро Статистика қўмитаси билан ҳамкорликда ташкил этилади. Ижроия қўмитаси маълум қилишича, тадбир 2-4 октябрь кунлари бўлиб ўтади.
Унда 150 дан зиёд иштирокчилар, жумладан, МДҲ Давлатлараро Статистика қўмитаси раҳбарияти, МДҲ Ижроия қўмитасининг вакиллари, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Статистика бўлими директори, БМТ ЕИК Статистика бўлими директори ҳамда 20 га яқин хорижий давлатлар статистика идораларининг биринчи раҳбарлари ва бошқа халқаро ташкилотлар экспертлари қатнашади.
“Форум доирасида кун тартибидаги барча масалалар муҳокамаси билан бирга Статистика идоралари раҳбарлари, МДҲ Статистика қўмитаси ва бошқа халқаро ташкилотлар раҳбарлари ҳамда экспертлари учрашувлари МДҲга аъзо давлатлар статистика хизматлари раҳбарлари кенгашининг 70-йиғилиши ўтказилади”, — дейилади агентлик хабарида.
Форумнинг асосий мақсади:
статистика соҳасида рақамли технологияларни кенг қўллаш бўйича илғор халқаро тажриба алмашиш;
рақамли трансформация шароитида статистик жараёнларни модернизация қилиш;
расмий статистикани шакллантириш учун муқобил маълумотлар манбалари, шу жумладан, катта ҳажмли маълумотлар ва сунъий интеллектдан кенг фойдаланиш масалаларини муҳокама қилиш.
Маълумот учун, мазкур форум МДҲ Ижроия қўмитаси томонидан тасдиқланган “МДҲда статистикани ривожлантириш” дастури доирасида ўтказилиб келинмоқда. I халқаро статистика форуми 2023 йилнинг 12-14 сентябрь кунлари Санкт-Петербургда бўлиб ўтган.