TOШКЕНТ, 28 сен — Sputnik. Индонезия Ташқи ишлар вазирлиги томонидан “Индонезия – ЕОИИ” рақамли технологиялар бўйича мулоқот ташкил этилди. Бу ҳақда Евроосиё иқтисодий комиссияси (ЕИК) матбуот хизмати хабар берди.
Мулоқот доирасида ЕИК Савдо сиёсати департаменти Савдони тартибга солишнинг махсус масалалари бўлими бошлиғи Кира Данильчева Индонезия, ЕОИИ ва унга аъзо давлатлар ўртасида эркин савдо келишувини тузиш истиқболлари тўғрисида маъруза қилди.
“Келишув мамлакатларимиз бизнеслари ўртасида телекоммуникациялар, инновациялар, рақамли технологиялар ва электрон тижорат соҳаларида ҳамкорлик ва кооперация алоқаларини мустаҳкамлаш механизмларини белгилаб беради. Биз ЕОИИга аъзо давлатлар ва Индонезия ишбилармон доираларининг манфаатдор вакилларини келгусидаги қўшма ташаббусларда иштирок этишга таклиф қиламиз”, — деди Кира Данильчева.
Мулоқот рақамли компаниялар ўртасида ечимлар, технологиялар, тажриба алмашиш ва ҳамкорликнинг янги имкониятларини ўрганиш учун алоқаларни ўрнатишга кўмаклашишга қаратилган. Тадбирда Индонезия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Россия компаниялари ҳам турли соҳаларда, жумладан соғлиқни сақлаш, молия, киберхавфсизлик, туризм, логистика ва бошқа соҳаларда ўзларининг рақамли хизматлари ва маҳсулотларини тақдим этишди.