Исроил бош вазири Ливанга қарши тўлиқ куч билан ҳаракат қилишни буюрди

Нетаньяху Исроил армиясига “Ҳизбуллоҳ”га қарши тўлиқ куч билан ҳаракат қилишни буюрди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 26 сен — Sputnik. Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху армияга Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” ҳаракатига қарши ўзига тақдим этилган режаларга мувофиқ тўлиқ куч билан ҳаракат қилишни буюрди. Бу ҳақда РИА Новости бош вазирлик идорасига таяниб хабар берди.
Қайд этилишича, шу тариқа улар “Ҳизбуллоҳ” билан сулҳ бўйича музокаралар олиб борилаётгани ҳақидаги хабарларни рад этишди.
“Ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги хабар ҳақиқатга тўғри келмайди. Гап Америка-Франция таклифи ҳақида кетмоқда, унга бош вазир ҳатто жавоб ҳам бермаган. Шимолдаги жанговар ҳаракатларни юмшатиш бўйича тахмин қилинган кўрсатма ҳақидаги хабар ҳам ҳақиқатга тўғри келмайди”, — дейилади баёнотда.
Қўшимча қилинишича, Ғазо секторидаги жанглар барча уруш мақсадларига эришилгунга қадар ҳам давом этади.
Исроил Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари ўзининг Х ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Исроил мамлакат шимолида ўт очишни тўхтатиш мумкинлиги ҳақидаги хабарларни рад этиб, Ливаннинг шиа ҳаракати “Ҳизбуллоҳ”га қарши ҳарбий амалиётлар Исроил ғалаба қозонгунча давом этишини айтди.
Исроил армияси “Шимол ўқлари” операциясини ўтказмоқда – ҳаво кучлари Ливаннинг турли ҳудудларида “Ҳизбуллоҳ”нинг марраларига катта зарбалар бермоқда. Байрутга ҳам мақсадли зарбалар берилди, бу Ливан шиа ҳаракатининг юқори мартабали қўмондонларини йўқ қилди.
“Ҳизбуллоҳ” асосан Исроил шимолида ракета ҳужумлари билан жавоб бермоқда, аммо ҳужумлар доираси сезиларли даражада ошди. Исроил ҳарбийларининг Ливанда қуруқликдаги операцияга тайёргарлик кўраётгани ҳақидаги баёнотлари фонида кескинлик кучаймоқда.
Ливанга қарши ҳарбий ҳужумларни кескин қоралаймиз — Захарова
Ер юзидаги энг хавфли одам янги уруш бошламоқда