Ўзбекистон ва ЕОИИ

Ташқи савдо, экспорт, ЕОИИ ва БРИКС — Путиннинг асосий фикрлари

Путин: Россия бизнеси дуч келаётган объектив қийинчиликларга қарамай, биз ташқи ишбилармонлик алоқаларини ривожлантирмоқдамиз.
Sputnik
TOШКЕНТ, 26 сен — Sputnik. Россия Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) доирасида фаол ишламоқда ва хорижий ҳамкорлар билан эркин савдо зоналарини кенгайтирмоқда. Бу ҳақда Владимир Путин Россия Федерацияси Давлат кенгаши раёсатининг “Экспортни ривожлантириш тўғрисида”ги масала юзасидан ўтказилган кенгайтирилган йиғилишда маълум қилди.
Қайд этилишича, ҳозирги вақтда Россия бизнеси дуч келаётган объектив қийинчиликларга қарамай, ташқи ишбилармонлик алоқаларини ривожлантирмоқда.
“Ҳозирги вақтда Россия бизнеси дуч келаётган объектив қийинчиликларга қарамай, биз ташқи ишбилармонлик алоқаларини ривожлантирмоқдамиз, уларнинг географиясини кенгайтирмоқдамиз, Россия каби ўз миллий манфаатларини тушунадиган, ўзаро манфаатли савдо, ишлаб чиқариш ва кооперация алоқаларини қадрлайдиган башоратли, ишончли ҳамкорлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаяпмиз”, — деди Путин.
Унинг сўзларига кўра, жаҳон савдоси ва умуман жаҳон иқтисодиёти ҳозир фаол ўзгармоқда. Муносабатларнинг янги тизими қурилмоқда, унда “Глобал жануб” деб аталувчи давлатлар, жадал ривожланаётган давлатлар, БРИКС каби истиқболли интеграция бирлашмалари иштирокчилари етакчи рол ўйнайди.

“Аллақачон БРИКС давлатларининг жаҳон иқтисодиётига қўшган ҳиссаси "катта еттилик" деб аталадиган улушдан ошиб бормоқда ва ўсишда давом этмоқда. Тенденция ўсади, у ўзгармайди. Қизиқиш учун, маълумот учун (мен ўзим, ростини айтсам, бу рақамларга қизиқиш билан қарайман), 1992 йилдаги "Катта еттилик", бу қандай эди? Жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 45,5 фоизи. 2022 йилда эса - аллақачон 30,5 фоиз. 45,5 эди, ҳозир эса 30. 2028 йил учун прогноз 27,9 [фоиз]. БРИКС мамлакатлари ҳақида нима дейиш мумкин? БРИКС (ушбу ташкилотнинг янги аъзолари бундан мустасно) - 1992 йилда жаҳон ялпи ички маҳсулотидаги улуши 16,7 фоизни, 2022 йилда эса 31,4 фоизни ташкил этди. 2028 йил учун прогноз эса 33,8 [фоиз]. Ва шундай тенденция мавжуд, у давом этмоқда, у йўқолмайди”, — деди Россия президенти.

Унинг қўшимча қилишича, янги аъзолар билан БРИКС - албатта, у ерда вазият бошқача. У ерда 2028 йил учун прогноз жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 38 фоизини ташкил қилади.
Бу мустаҳкам, стратегик шериклик, иқтисодий салоҳиятни уйғунлаштириш ва ўсишни ўзаро ошириш тамойилларига асосланган келажакнинг реал бозорлари шакллантирилаётганини англатади.
“Биз ЕОИИ доирасида фаол ишлаяпмиз ва хорижий ҳамкорлар билан эркин савдо зоналарини кенгайтирмоқдамиз”, — дея қайд этди Россия етакчиси.
Путиннинг сўзларига кўра, бугунги кунда дунёнинг кўплаб мамлакатларида юқори даражадаги тариф ҳимояси ўрнатилган.

“Муайян ютуқларга қарамай, ушбу мамлакатлардаги компанияларимиз ҳали ҳам харидорларни топиш, бизнес музокараларини ташкил этиш ва маркетинг маълумотларини олишда муаммоларга дуч келмоқда. Шунингдек, ҳамма ҳамкорлар ҳам чет элдаги россиялик инвесторларнинг ҳуқуқлари ва инвестицияларини ҳимоя қилиш механизмларини ўрнатмаган”, — дея таъкидлади Россия раҳбари.

Айтилишича, тайёр маҳсулотлар, шу жумладан, юқори технологияли рус товарлари дунёда, қоида тариқасида, тор сегментларда танилган. Шу билан бирга, корхоналар юқори сифатли, рақобатбардош, экологик тоза маҳсулотларнинг кенг ассортиментини ишлаб чиқаришга тайёр.