Мирзиёев ОИИБ Бошқарувчилар кенгашининг йиллик йиғилишида нутқ сўзлади

Анжуманда дунёнинг юздан ортиқ мамлакатидан 2 мингга яқин вакиллар қатнашмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 25 сен — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳрида ўтаётган Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки (ОИИБ) Бошқарувчилари кенгашининг тўққизинчи йиллик йиғилишида нутқ сўзлади.
Выступление Шавката Мирзиёева на девятом заседании Совета управляющих Азиатского банка инфраструктурных инвестиций
Қайд этилишича, бугунги анжуманда дунёнинг 100 тадан ортиқ мамлакатидан 2 мингга яқин вакиллар қатнашмоқда. Иштирокчилар мамлакатдаги жадал ислоҳотлар, қулай инвестиция ва тадбиркорлик муҳити билан яқиндан танишиб, ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаб олишади.
Выступление Шавката Мирзиёева на девятом заседании Совета управляющих Азиатского банка инфраструктурных инвестиций
“Ҳеч кимга сир эмас, дунёдаги таҳликали вазият кундалик ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурди. Ҳозирда жаҳондаги мураккаб геосиёсий вазият, глобал иқтисодиётдаги беқарорлик, озиқ-овқат ва энергия ресурслари танқислиги, камбағаллик, экология муаммолари тобора ўткир тус олиб бормоқда. Масалан, ўртача глобал ҳарорат 2040 йилга қадар 1,5 даражага ортиши прогноз қилинган эди. Лекин ҳозирги вазиятда бу ҳолат 2030 йилдаёқ юз бериши мумкинлиги бизни жиддий хавотирга соляпти. Дунё аҳолисининг тўртдан бир қисми тоза ичимлик суви муаммосига дуч келмоқда. Иқлим ўзгариши суръатлари тезлашиши оқибатида озиқ-овқат танқислиги глобал хавфга айланди. Натижада дунёда 800 миллионга яқин аҳоли ўта оғир камбағаллик шароитида яшаяпти”, — деди Мирзиёев.
Айтилишича, турли минтақаларда авж олаётган зиддиятлар боис анъанавий логистика йўналишлари мутлақо ўзгаряпти. Маҳсулот етказиш занжиридаги узилишлар хомашё ва истеъмол товарларининг қимматлашишига сабаб бўляпти.
Экспертлар фикрига кўра, 2030 йилгача дунёда янги инфратузилма учун 15 триллион доллар инвестиция талаб қилинади. Шунингдек, хорижий инвестициялар оқими сўнгги икки йилдан буён 10 фоиздан камаймоқда, дунёда молиявий ресурслар қарийб 2 баробар қимматлашди.
“Бундай шароитда глобал хавф-хатарлар оқибатларини юмшатиш, барқарор ўсиш, аҳоли турмуш шароитини яхшилашда халқаро молия ташкилотларининг роли янада ошиб бормоқда. Бу борада Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки қисқа давр ичида 55 миллиард долларлик лойиҳалар портфели билан нафақат минтақа, балки жаҳон миқёсидаги энг нуфузли молия ташкилотларидан бирига айланганини алоҳида эътироф этиш лозим”, — дея қайд этди президент.
Президент қуйидагиларни маълум қилди:
Тўрт йил ичида мамлакатдаги камбағаллик даражасини 23 фоиздан 11 фоизга туширишга эришилди. Жорий йил бу кўрсаткични 9 фоизгача, 2030 йилга қадар эса 2 баробар пасайтириш мақсад қилинган.
Инсон капиталини ривожлантиришни мамлакат барқарор ва узоқ муддатли иқтисодий ўсишининг мустаҳкам пойдевори. Бу борада сўнгги саккиз йилда мактабгача таълим қамровини 27 фоиздан 74 фоизга оширилди.
Келгуси 3-4 йилда мактабгача таълим қамровини камида 80 фоизга етказиш мақсад қилинган. Бунинг учун хусусий сектор билан бирга 240 минг ўринли боғчалар барпо этилади.
Келгуси йилдан бошлаб, давлат-хусусий шериклик асосида ҳар йили барча шаҳар ва қишлоқларда энг илғор стандартларга мос келадиган 100 тадан янги мактабларни ишга тушириш режа қилинган. Бунга келгуси йилларда 2 миллиард доллар инвестиция киритилади.
Выступление Шавката Мирзиёева на девятом заседании Совета управляющих Азиатского банка инфраструктурных инвестиций
“Биз 2030 йилгача 30 миллиард долларлик давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш бўйича катта дастур қабул қилдик. Хусусан, “Тошкент – Самарқанд” ва “Тошкент – Андижон” йўналишларида пуллик автомобиль йўллари, “Тошкент – Самарқанд”, “Самарқанд – Навоий – Бухоро” йўналишларида тезюрар поездлар учун янги темир йўл қуриш лойиҳалари амалга оширилади”, — дея қайд этди мамлакат етакчиси.
Республиканинг 6 та халқаро аэропортини модернизация қилишни давлат-хусусий шерикликка берилади.
Келгуси беш йилда электр, сув ва газ тақсимлаш тармоқларини бошқариш хусусий операторларга ўтади. Масалан, Самарқанд вилоятининг электр тармоқларини бошқарувга олиш бўйича ўтказиладиган тендерга 50 дан зиёд хорижий нуфузли компаниялар ўз қизиқишини билдирди.
Ҳар йили 100 мингдан зиёд хонадонли уй-жойлар қурилмоқда. Масалан, Тошкент, Самарқанд, Наманган ва Андижон каби йирик шаҳарлар ҳамда қолган вилоятлар марказларига йўлдош “Янги Ўзбекистон” шаҳарчаларини қуриш бўйича катта лойиҳалар амалга оширилмоқда.

“Бу борада ўрта шаҳарларни ривожлантириш бўйича 200 миллион долларлик, қишлоқ жойларидаги инфратузилмани яхшилаш бўйича 130 миллион долларлик лойиҳаларни Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки билан ҳамкорликда бошлаганимизни алоҳида эътироф этмоқчиман. Ишончим комил, банк ва бошқа ҳамкорларимиз билан бундай инфратузилмавий лойиҳаларни янада кенгайтирамиз”, — деди Мирзиёев.

Ўзбекистонда амалга оширилаётган йирик “яшил” энергия лойиҳаларида банк нуфузли хорижий компаниялар билан бирга ишлаб, бу соҳада глобал даражада янги андозаларни яратмоқда.
“Биз келгуси йилларда яна 18 гигаватт қуёш ва шамол, 3 гигаватт гидро электр станциялари, 5 гигаватт энергия жамлаш сиғимлари ҳамда 5 миллиард долларлик электр тармоқларини ишга туширамиз. Мазкур лойиҳалар орқали йирик “яшил” маълумотлар марказларини ҳам яратмоқчимиз. Бу – барча халқаро молия ташкилотлари учун ҳам жозибадор лойиҳа бўлади, деб ҳисоблайман. Шу билан бирга, қайта тикланувчи энергия манбалари ҳисобидан йилига 100 миллион долларлик “яшил” сертификатлар бозори шаклланиб, бу халқаро молия ташкилотлари билан ҳамкорликнинг янги истиқболли йўналиши бўлишига ишонаман”, — дея қайд этди президент.
Мирзиёев Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки бошчилигида Марказий Осиёда “яшил” энергияни ривожлантириш дастурини амалга оширишни таклиф қилди.
Айтилишича, бугунги кунда Марказий Осиё аҳолиси 80 миллиондан ошди. Минтақанинг ялпи ички маҳсулоти келгуси беш йилда 700 миллиард долларга етиши кутилмоқда.
Ҳозирда амалга ошириш бошланган “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўлини қуриш ана шундай йирик минтақавий инфратузилма лойиҳасига яққол мисолдир. Бундан ташқари, Марказий Осиёда озиқ-овқат хавфсизлиги ва сув ресурслари тақчиллиги муаммолари айниқса ўткир тус олмоқда. Ўзбекистон бу борада ўз стратегиясини ишлаб чиқиб, келгуси беш йилда сувдан фойдаланиш самарадорлигини 25 фоизга ошириш орқали 15 миллиард куб метр сувни тежаш бўйича катта лойиҳаларни бошлаган.
“Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки билан ҳамкорликда сув тежайдиган технологияларни кенг жорий қилиш бўйича минтақавий марказ ташкил этиш ташаббусини илгари сурмоқчиман. Ўйлайманки, қўшниларимиз ҳам бу ташаббусимизни қўллаб-қувватлайди”, — деди Мирзиёев.
Бугунги кунда инфратузилма, энергетика, транспорт, сув таъминоти ва барқарор ривожланиш йўналишида Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки билан 3 миллиард долларлик 15 та лойиҳа амалга ошириляпти.

“Мамнуният билан айтишим керакки, буларнинг ҳисобидан Ўзбекистон банкнинг топ-10 та ҳамкоридан бирига айланди. Мисол учун, банк билан ҳамкорликда Бухоро вилоятидаги ичимлик суви тармоқларини яхшилаш бўйича 720 миллион долларлик лойиҳа қарийб 1,5 миллион аҳолини тоза ичимлик суви билан узлуксиз таъминлайди. Ёки “Бухоро – Хива” темир йўлини электрлаштириш лойиҳасини ишга тушириш натижасида Хива шаҳрига йилига қўшимча 1 миллион турист жалб қилиш имконияти яратилади”, — деди Ўзбекистон етакчиси.

Таъкидланишича, шу кунларда банк билан келгуси уч йилда яна 4 миллиард долларлик лойиҳалар дастурини амалга оширишга келишиб олинди.
“Келгуси икки кунда банк бошқарувчилари олдида жуда муҳим глобал ва минтақавий муаммоларга замонавий ёндашувлар асосида ечимлар топиш, янги лойиҳа ва дастурларни муҳокама қилиш каби масъулиятли вазифалар турибди. Сизлар қабул қиладиган қарорлар банкка аъзо мамлакатларда яшайдиган 6 миллиарддан зиёд аҳолининг кундалик ҳаётига бевосита таъсир қилади. Ушбу улкан вазифаларни амалга оширишда сизлар ўзингизнинг чуқур билим, бой тажриба ва куч-ғайратингизни аямайсизлар, деб ишонаман”, — дея хулоса қилди Шавкат Мирзиёев.