Ливанга қарши ҳарбий ҳужумларни кескин қоралаймиз — Захарова

Россия ТИВ: Ливандаги вазиятнинг кескинлашиши жуда ташвишлидир.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 24 сен — Sputnik. Ливанга қарши амалга оширилаётган кенг кўламли ҳарбий ҳужумларни кескин қоралаймиз. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Мария Захарова маълум қилди.
Қайд этилишича, Ливандаги вазиятнинг кескинлашиши жуда ташвишлидир.

“Ливанга қарши амалга оширилаётган кенг кўламли ҳарбий ҳужумларни кескин қоралаймиз. Биз, айниқса, тинч аҳолини нишонга олган беғараз ҳужумларга қатъий йўл қўйиб бўлмаслиги ҳақидаги принципиал позициямизни алоҳида таъкидламоқчимиз. Вазият бутунлай назоратдан чиқиб кетгунга қадар зўравонлик занжирини тўхтатишга шошилинч эҳтиёж бор. Биз жанговар ҳаракатларни зудлик билан тўхтатишга чақирамиз, бу эса кейинги қон тўкилишининг олдини олади ва вазиятни сиёсий ва дипломатик йўл билан ҳал қилиш учун шароит яратади”, — дея маълум қилган Захарова.

Қайд этилишича, Яқин Шарқ кенг миқёсли қуролли можарога кириб кетишининг олдини олиш учун ҳамма нарсани қилиш керак, унинг ҳалокатли оқибатлари ҳам минтақада, ҳам ундан ташқарида муқаррар равишда барчага таъсир қилади.

“Бундай ҳалокатли сценарийнинг олдини олиш учун халқаро ва минтақавий ҳамкорлар билан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз. Биз минтақадаги ҳеч бир давлатнинг хавфсизлиги бошқалар ҳисобига таъминланмаслиги кераклигидан келиб чиқамиз”, — дейилади баёнотда.

23 сентябрь куни Исроил раҳбарияти “Ҳизбуллоҳ” ҳаракатининг ҳарбий инфратузилмасига путур етказиш мақсадида ЦАХАЛнинг “Шимол ўқлари” деб номланган ҳужум операцияси бошланганини эълон қилди. Исроил ҳаво кучлари Ливан ҳудудига йирик ҳаво ҳужумларини бошлади. Мамлакат жануби ва шарқидаги ўнлаб аҳоли пунктлари ҳужумга учраган. "Ҳизбуллоҳ", ўз навбатида, Исроилдаги ҳарбий нишонларга ракета ҳужумларини кучайтирди.
Исроилнинг “Ҳизбуллоҳ” қуроллари сақланган деган баҳона билан турар-жой ҳудудларига беғараз зарбалар бериши тинч аҳолининг катта қурбон бўлишига ва фуқаролик инфратузилмасининг сезиларли даражада вайрон бўлишига олиб келди.
Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 23 сентябрдаги қуролли тажовуз натижасида ҳалок бўлганлар сони 492 киши, жумладан, 90 дан ортиқ аёллар ва болалар, ярадорлар сони эса 1,6 мингдан ошган. 24 сентябрь куни эрталаб Бекаа водийсида Исроил ҳарбий самолётларининг навбатдаги ҳужумидан сўнг ўн кишидан иборат бутун бир оила ҳалок бўлди.