ТОШКЕНТ, 22 сен — Sputnik. Россия компанияси Ўзбекистон фуқароларини қонуний тарзда иш билан таъминлаш таклифини билдирди, дея хабар берди "Дунё" АА.
Ўзбекистон бош консули Жаҳонгир Парманов Россиянинг "Кейтеринбург" федерал озиқ-овқат компанияси раҳбари Руслан Долженко билан учрашди.
Унда Россияда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётганларнинг ҳуқуқий ҳимояси, уларга яратиб берилаёиган шарт-шароитлар тўғрисида фикр алмашилди.
"Руслан Долженко компания Свердловск вилоятида ўз фаолиятини кенгайтираётганини билдирди. Шунингдек, у янги ташкил этилаётган қувватларга 100 нафарга яқин Ўзбекистон фуқаросини қонуний тарзда иш билан таъминлаш имконияти борлигини маълум қилди", —дейилади хабарда.
Мулоқот якунида таклиф этилган бўш иш ўринларига ўзбекистонликларни жалб этиш мақсадида мамлакатнинг тегишли ташкилотлари вакиллари билан алоҳида учрашув ташкил этиш тўғрисида келишиб олинди.