TOШКЕНТ, 20 сен — Sputnik. Россия бир неча кундан буён кескинлик кучайиб бораётган Ливандаги воқеалардан хавотирда, деди Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова.
“Биз Ливан Республикасидаги ҳодисаларнинг хавфли ривожланишидан қаттиқ хавотирдамиз. Эслатиб ўтаман, 19 сентябрь куни Исроил авиацияси Ливан жанубидаги қатор ҳудудларга бир қатор оммавий ҳужумлар уюштирди. Бунгача, икки кун кетма-кет - 17 ва 18 сентябрь кунлари Ливан мисли кўрилмаган террористик ҳужумларга дучор бўлди, улар киберҳужумлар характерига эга эди”, - деди у брифингда.
Унинг қўшимча қилишича, ўнлаб инсонлар, жумладан, болалар ҳам ушбу ҳужумлар қурбони бўлган, минглаб одамлар жароҳатланган. Захаровага кўра, бу воқеа жаҳон ҳамжамияти тарихида мисли кўрилмаган ҳодиса.
“Бунақаси бўлмаган: афсуски, бундан ҳам кўпроқ одамларнинг ҳаётига зомин бўлган, бундан ҳам кўпроқ одам жабр кўрган терактлар содир бўлган, аммо бу шундай кўламни ва янги технологиялардан фойдаланишни ўзида мужассам этган мутлақо янги турдаги теракт”, - дея хулоса қилди Захарова.
17 ва 18 сентябрь кунлари Ливаннинг турли ҳудудларида алоқа воситалари, жумладан пейжерлар ва рациялар портлатилди. Расмий маълумотларга кўра, 37 киши ҳалок бўлган, уч мингдан ортиқ киши жароҳатланган. “Ҳизбуллоҳ” ва Ливан расмийлари воқеада Исроилни айблади. Исроил расмийлари ҳозирча ўзларининг иштирокини тасдиқламади ҳам, рад ҳам этмади. Мария Захарова Ливанда содир бўлган воқеаларни даҳшатли террорчилик ҳаракати ва катта можаро қўзғатишга уриниш деб атади.