“Мустақилликнинг 25 йиллиги” конида содир бўлган фавқулодда ҳодиса ҳақида нималар маълум?

Ҳодиса оқибатида 4 киши ҳалок бўлди, 11 киши жароҳатланди.
Sputnik
TOШКЕНТ, 19 сен — Sputnik. Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов иштирокида Бойсундаги “Мустақилликнинг 25 йиллиги” кони юзасидан брифинг бўлиб ўтди. Унда Мирзамаҳмудов кондан айнан қандай газ сизиб чиқаётганига аниқлик киритди, дея хабар берди Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Кеча Бойсундаги “Мустақилликнинг 25 йиллиги” конида яна газ сизиб чиқиш ҳолати кузатилди.
Фавқулодда ҳодиса “Мустақилликка 25 йил” конининг 604-сонли қудуғида содир бўлган. Вазир ҳодиса оқибатида 4 киши ҳалок бўлган, 11 киши жароҳатланганини тасдиқлади.
“Водород сулфиди сизиб чиқиши ҳақида гапириш нотўғри” – деди энергетика вазири Бойсундаги фавқулодда ҳолатга муносабат билдириб.
Мирзамаҳмудовнинг сўзларига кўра, таркибида 7 фоизгача водород сулфиди бўлган газ сизиб чиққан.

“Табиий газнинг сизиб чиқиши натижасида нафақат водород сулфиди юқори, балки карбонат ангидридининг фоизи ҳам 12 га етди. Яъни газ таркибида 20 фоизга яқин зарарли моддалар бўлган”, — деб тушунтирди вазир.

Қайд этилишича, “Мустақилликнинг 25 йиллиги” конида содир бўлган авария қурбонларининг оила аъзолари васийликка олинди.
"ERIELL Group" компенсация тўлайди.
“Компаниялар гуруҳи ушбу оилалардаги болаларни боқиш ва келажакда уларнинг олий таълим олишлари учун ҳаражатларни ҳам ўз зиммасига олади”, – дейди компания маслаҳатчиси Азизбек Назаров.
Вазирнинг сўзларига кўра, ҳодисанинг такрорланиши қудуқ жойлашган жойнинг географик хусусияти билан боғлиқ.
Бойсундаги М-25 конидан газ сизиб чиқиш ҳолатига доир очиқланган расмий маълумотлар:
15 сентябрда водород сулфид газининг сизиб чиқиши тўхтатилди ва қудуқ беркитилди;
17 сентябрь куни соат 16:00 да 604-сонли қудуқда юқори босимли водород сулфид газининг сизиб чиқиши қайд этилди;
воқеа жойида бўлган 4 нафар мутахассис ҳалок бўлди, 11 киши тан жароҳати олди ва касалхонага ётқизилди – улардан 9 нафари аллақачон уйига жўнатилган, яна 2 нафари яқин кунларда чиқарилади;
кон 1975 йилда очилган бўлиб, оғир кон-геологик шароит туфайли ўзлаштирилиши энг қийин конлардан бири ҳисобланади. Мураккаб геологик тузилиш кўп сонли структуравий бузилишларнинг мавжудлиги, филтрация-сиғим хусусиятларининг катта хилма-хиллиги билан боғлиқ;
кондаги ишлар мамлакатда газ қазиб олишнинг камайиши ва аҳоли ўртасида истеъмолнинг кўпайиши муносабати билан қайта тикланди, чунки М-25 ҳозирда Ўзбекистондаги энг йирик ўзлаштирилмаган газ кони бўлиб қолмоқда.
“Мустақилликнинг 25 йиллиги” (Гажак) газ кони – лойиҳанинг мақсади ва қуввати: конни ўзлаштириш ва ишга тушириш, йилига 5 млрд куб метр таркибида юқори даражадаги олтингугуртли газни қазиб чиқариш ва қайта ишлаш.
Кон маъмурий жиҳатдан Ўзбекистон Республикасининг Сурхондарё вилояти ҳудудида, Бойсун шаҳридан 20 километр жануби-шарқда жойлашган.
Географик жиҳатдан ҳудуд тоғолди-адир рельефидир. Рельефнинг мутлақ баландлиги денгиз сатҳидан 1000 метрни ташкил этади.
“М-25” (“Гажак”) кони биринчи марта 1933 йилда геологик тадқиқот йўли билан аниқланган ва 1938 йилда тайёрланган. 1941 йилда бу ерда биринчи қидирув қудуғи бурғиланган.
1974 йилда 5-сонли қудуқни синовдан ўтказишда қуйи бўр қатламларидан газнинг саноат оқимлари олинган. Худди шу йили тузилма кон тоифасига киритилган.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, кон захираси 40 млрд м3 ни ташкил этган. 2006-2008 йилларда Малайзиянинг “PETRONAS” компанияси томонидан “Ўзбекнефтгаз” билан имзоланган қўшма ўрганиш тўғрисидаги битим доирасида Гажак майдонида 3D сейсмик қидирув ишлари олиб борилди ва битта қудуқ синовдан ўтказилди.
Компаниянинг лойиҳага киритган тўғридан-тўғри инвестициялари умумий миқдори 102 миллион долларни ташкил этди. Компаниянинг инвестиция сиёсатидаги ўзгаришлар ва энг асосийси, "Гажак" конини ўзлаштиришнинг мураккаблиги туфайли компания лойиҳадан чиқди.
М-25 кони геологик тузилишига кўра, жуда мураккаб кон-геологик шароитлар тоифасига киради. Мураккаб геологик тузилиш кўп сонли структуравий бузилишларнинг мавжудлиги, фильтрация-сиғим хусусиятларининг катта хилма-хиллиги билан боғлиқ. Бу ерда самарали қазиб олиш учун бутасимон бурғилаш усулидан фойдаланиш талаб этилади.