ТОШКЕНТ, 19 сен — Sputnik. Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) мавжуд бўлган 10 йил давомида иттифоқ мамлакатлари ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми икки баравар ошди. Бу ҳақда ЕОИИ VII халқаро форумида Россия Федерацияси иқтисодий ривожланиш вазири ўринбосари Дмитрий Вольвач маълум қилди, дея хабар беради вазирлик матбуот хизмати.
Вольвач ЕОИИ мавзулари бўйича экспертларнинг янги авлодини шакллантириш ва Евроосиё маконида интеграция жараёнларини ривожлантириш бўйича мулоқот имкониятларини кенгайтириш зарурлигини ҳам таъкидлади.
“Бугунги кунда ЕОИИ ҳамкорлар ўртасидаги ишонч ва биргаликдаги ривожланишнинг узоқ муддатли мақсадларига асосланган интеграцион ҳамкорликнинг янги босқичига ўтиш арафасида. 2023 йилда ЕОИИ ялпи ички маҳсулотининг ўсиши 3,8 фоизни ташкил этди, бу жаҳон ялпи ички маҳсулотидан юқори. Иттифоқ мавжуд бўлган 10 йил ичида иштирокчи мамлакатларнинг ўзаро савдоси деярли икки бараварга ўсди - 3,9 дан 7,4 триллион рублгача. Бу вақт ичида ишсизлик даражаси 1,5 баробардан ортиқ камайди”, деди у.
ЕОИИ мамлакатлари ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китобларда миллий валюталарнинг улуши 2023 йилда рекорд даражадаги 90 фоизга етди. 2021 йилда эса бу кўрсаткич 73,5 фоизни ташкил этган
Маълумот учун, ЕОИИ VII Халқаро форуми 16-18 сентябрь кунлари бўлиб ўтди. У Евроосиё иқтисодий интеграциясини ривожлантириш тенденциялари ва истиқболларини муҳокама қилишга қизиққан ёш мутахассисларни бирлаштиради. Жорий йилда форумда 16 жамоа, жумладан 170 дан ортиқ ёш олимлар иштирок этди.
Улар иккита асосий йўналиш бўйича лойиҳаларни ишлаб чиқмоқда: умумий Иттифоқ ичидаги бозорларни шакллантириш ва Иттифоқнинг учинчи давлатлар билан ташқи иқтисодий ҳамкорлигини ривожлантириш. Барча лойиҳалар амалий характерга эга ва Евроосиё иқтисодий интеграциясининг долзарб муаммоларини ҳал қилишга қаратилган.