ТОШКЕНТ, 18 сен — Sputnik. Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги туризм имкониятлари кенгайтирилади, дея хабар берди Туризм қўмитаси.
Туризм қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Жамшид Абдусаломов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Москвада бўлиб ўтаётган “Отдых. Leisure-2024” форум-кўргазмаси доирасида Москва вилояти билан ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича музокаралар олиб борди.
"Учрашувда Москва вилояти ҳукумати раисининг ўринбосари – Москва вилоятини ободонлаштириш вазири Михаил Хайкин, Москва вилояти маданият ва туризм вазири Василий Кузнецов, Москва вилояти маданият ва туризм вазирининг биринчи ўринбосари Алексей Шимко ва Москва вилояти инвестициялар, саноат ва фан вазирининг ўринбосари Адил Ганцов иштирок этдилар", — дейилади хабарда.
Музокараларда Москва вилояти билан ҳамкорликни чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинди. Асосий эътибор туризм секторлари ўртасидаги алоқаларни оширишга қаратилган бўлиб, бу туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича тажриба алмашиш ва илғор ёндашувларни жорий этиш имконини беради.
“Томонлар сайёҳларни жалб қилишга қаратилган ҳамкорликда реклама кампанияларини ўтказишга қарор қилишди. Бу нуфузли оммавий ахборот воситалари билан ишлаш ва қўшма туристик маршрутларни илгари суришни ўз ичига олади, бу эса ҳар икки томонга қизиқишни оширишга ёрдам беради”, — дейилади хабарда.
Шунингдек, “Россияда Ўзбекистон туризми йили” доирасида маданий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган маданий тадбирлар ташкил этиш режалаштирилган.
Айтилишича, мактаб ўқувчилари, талабалар ва касаба уюшма ташкилотлари учун махсус саёҳат пакетларини яратиш, икки мамлакат туризм соҳалари вакиллари учун В2В ва В2G учрашувларини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди. Шаҳарлар ва аэропортларда ЛЕД экранлар орқали туризм салоҳиятни ўзаро тарғиб қилиш ҳам туристик таклифлардан хабардорликни ошириш йўлидаги муҳим қадам бўлади.
“Делегация Москва вилояти вакилларининг Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркасида фаол иштирок этишига умид билдириб, минтақанинг кўриниши ва жозибадорлигини ошириш учун ягона стенд яратиш муҳимлигини таъкидлади”, — дея қўшимча қилинган хабарда.
Томонлар таклиф этилаётган чора-тадбирлар икки давлат ўртасидаги алоқаларни янада илгари суриш учун мустаҳкам пойдевор бўлишига ишонч билдиришди.