Омбудсман лавозимига қўйиладиган талаблар соддалаштирилади

Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил президент, Олий Мажлис палаталари ва Вазирлар Маҳкамасига “махсус маъруза” тақдим этади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 17 сен — Sputnik. Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) лавозими учун номзодга қўйиладиган талаблар соддалаштирилиб, айрим талаблар бекор қилинмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида маълум қилинди.
Мажлисда депутатлар томонидан “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги қонун лойиҳасини қабул қилинди ва Сенатга юборилди.
Қайд этилишича, ҳужжат билан омбудсман фаолиятининг институционал асослари такомиллаштирилди ва мутлақо янги ҳуқуқ, президент, Олий Мажлис палаталари, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасига “махсус маъруза” тақдим этиш ҳуқуқи белгилаб қўйилмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятларини бажарилиши юзасидан “муқобил маъруза” тайёрлаши ҳамда тегишли ҳалқаро ташкилотларга тақдим этиш мумкинлиги ҳам белгиланмоқда.
Омбудсман лавозими учун номзодга қўйиладиган талаблар соддалаштирилиб, айрим талаблар бекор қилинмоқда.
Қуйидаги талаблар бекор қилинмоқда:
юксак ахлоқий сифатлар;
олий маълумот;
инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида зарур тажриба.
Шунингдек, омбудсман таъсир чораларининг турларига аниқлик киритилган ҳолда (огоҳлантириш, тақдимнома, илтимоснома ва талабнома) алоҳида бобда, ҳар бир таъсир чораси алоҳида-алоҳида моддада акс эттириляпти.
Омбудсман институтининг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институт сифатидаги аҳамияти оширилиб, соҳага оид ҳуқуқлари янада кенгайтирилмоқда.
Хусусан, омбудсман фаолиятида инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, жумладан, болалар омбудсмани, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази билан ҳамкорлиги аниқлаштирилмоқда.
Депутатларнинг таъкидлашича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) институтининг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институт сифатидаги аҳамиятининг ошишига, унинг ҳуқуқлари кенгайтирилишига ва мажбуриятлари аниқлаштирилишига хизмат қилади.