ТОШКЕНТ, 13 сен — Sputnik. Рақобат қўмитаси “Uzauto Motors” компаниясига хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган 37 та автомобилни қайтариб олишга кўрсатма берди, деб хабар қилмоқда қўмита ахборот хизмати.
Рақобат қўмитаси қорақалпоғистонлик фуқаро А.Д.нинг “UzAuto Motors” АЖ томонидан 2023 йилда ишлаб чиқарилган“Lacetti L-Style MT” русумли автомобили техник носозлик туфайли ёниб кетгани, лекин ишлаб чиқарувчи ушбу ҳолатни ўз вақтида бартараф этмаётгани юзасидан мурожаатни кўриб чиққан.
Шунингдек, ушбу модел ва артикулли автомобил Навоий вилоятида ҳам техник носозлик туфайли ёниб кетгани аниқланган.
Қўмита махсус комиссияси томонидан “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунининг 14 ва 20-моддалари талаблари бузилиш аломатлари бўйича “UzAuto Motors” АЖ ва “PSM-AVTOSAVDO” МЧЖларга нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилган.
Қўмита томонидан ушбу ҳолат (автомобилда ёнғин чиқиши) инсон ҳаёти ва унинг соғлиғига жиддий зиён етказиши мумкинлиги ҳолатларини инобатга олган ҳолда юқорида қайд этилган автомобиль билан бир вақтда ишлаб чиқарилган 37 та айнан шу маркали (моделли, артикули) автомобилларни 10 кун ичида қайтариб олиниб, техник кўрикдан ўтказиш юзасидан мажбурий кўрсатма берилди.
Шунингдек, мурожаат қилган фуқарога айни шундай маркали янги автомобиль алмаштириб берилди. Истеъмолчи талаб қўйган вақтдан бошлаб ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун автомобиль баҳосининг бир фоизи миқдорида неустойка (пеня) тўлаши тўғрисида қарор қабул қилинди.