Мирзо Улуғбек таваллудининг 630 йиллиги кенг нишонланади — президент қарори

Давлат театрлари ва талабалар театр-студияларида Мирзо Улуғбек ҳаёти ва фаолиятига оид спектакллар саҳналаштирилади.
Sputnik
TOШКЕНТ, 13 сен — Sputnik. 2024 йилда Самарқанд шаҳрида Мирзо Улуғбек таваллудининг 630 йиллиги кенг нишонланади. “Буюк қомусий олим ва машҳур давлат арбоби Мирзо Улуғбек таваллудининг 630 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.
“Жаҳон тамаддуни ривожида Мирзо Улуғбек илмий-маърифий меросининг ўрни ва аҳамияти” мавзусида илмий-адабий тадбирлар ўтказилади. Давлат театрлари ва талабалар театр-студияларида Мирзо Улуғбек ҳаёти ва фаолиятига оид спектакллар саҳналаштирилади.
Самарқанд шаҳрида 2024 йил 10–11 октябрь кунлари “Мирзо Улуғбек: буюк қомусий олим ва машҳур давлат арбоби” мавзусидаги халқаро конференция ўтказилади. “Зижи жадиди Кўрагоний” асари ўзбек, рус ва инглиз тилларида, “Тўрт улус тарихи” номли тарихий асарининг ўзбек тилига таржимаси қайта нашр қилинади.
2024 йил октябрь ойида:
таълим ва илмий-тадқиқот ташкилотларида Мирзо Улуғбек асарлари нашрининг тақдимотлари ўтказилади;
Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида Мирзо Улуғбек даврига оид асарлар қўлёзмаларининг кўргазмаси ташкил этилади;
Мирзо Улуғбек ҳақида яратилган “Осмон тоқига қўйилган нарвон” номли ҳужжатли фильм тақдимоти уюштирилади.
Улкан глобус ва 50 метрли қуёш соати — Мирзо Улуғбек ҳақида 5 та факт