ТОШКЕНТ, 12 сен — Sputnik. Андижон вилоятининг Қорасув шаҳрида жойлашган “Қорасув” чегара божхона пости 15 йиллик танаффусдан сўнг яна ўз фаолиятини қайта тиклади, дея хабар берди Божхона қўмитаси.
“Қорасув” чегара божхона пости 3 гектардан зиёд майдонга эга бўлиб, бу ерда улкан қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.
На узбекско-кыргызской границе спустя 15 лет открылся КПП "Карасу"
© Таможенный комитет республики Узбекистан
Эндиликда бу ерда кунига 12 минг нафардан зиёд фуқаролар ўтиб-қайтишлари мумкин.
Пост орқали йўловчилар асосан ёпиқ иншоотлар бўйлаб ҳаракатланишади. Постда божхона назорати ва расмийлаштирувини тезкор ва самарали амалга ошириш учун барча шароитлар назарда тутилган.
Постнинг очилиши қўшни давлат фуқаролари учун ҳам бир қатор қулайликларни юзага келтиради. Жумладан, Қирғизистоннинг Ўш вилоятидан Жалолобод вилоятига ўтиш учун шу вақтга қадар 120 км масофа босиб ўтилган бўлса, энди ушбу масофа 101 км га қисқариб, Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб транзит тарзида атиги 19 км ҳаракатланиш кифоя.
На узбекско-кыргызской границе спустя 15 лет открылся КПП "Карасу"
© Таможенный комитет республики Узбекистан
Шунингдек, Наманган вилояти Учқўрғон тумани Бўстон маҳалласидаги “Учқурғон” чегара божхона пости очилди.
Божхона постининг ўтказкувчанлик салоҳияти юқори, яъни бир кунда ўртача 10 минг нафар фуқаро бемалол ҳаракатланиши мумкин. Пост орқали 500 тадан ортиқ юкли ҳамда 300 дан ортиқ енгил автотранспорт воситалари ҳаракатланиши кутилмоқда.
На узбекско-кыргызской границе спустя 15 лет открылся КПП "Карасу"
© Таможенный комитет республики Узбекистан
“Ўзбекистон Республикасининг “Учқўрғон-автойўл” ва Қирғиз Республикасининг “Кенсай-автойўл" назорат-ўтказиш пунктлари фаолиятининг қайтадан йўлга қўйилиши нафақат Наманган ва қўшни давлатнинг Жалолобод вилоятлари аҳолиси фаровонлигини оширишга ҳисса қўшиши, балки бутун Фарғона водийсида ташқи савдо юклари ҳаракатида янги даврни бошлаб беради. Фақатгина шу эмас, мазкур янгилик нафақат Ўзбекистон балки минтақада туризм имкониятларини кенгайтиради. Чунки айнан ушбу пост мамлакатимизга ташриф буюрган туристларнинг Қирғизистон ҳамда Хитойга ўтиб қайтишлари ва транзит ўтишлари учун энг қисқа ва қулай ҳисобланади”, — дейилади хабарда.
“Учқўрғон” чегара-божхона пости географик жиҳатдан бевосита Қирғиз Республикасининг “Ўш-Бишкек” довон авто йўлига яқин ҳисобланади.
Хорижий ва миллий ташувчилар энг қисқа ва қулай йўналиш орқали водий вилоятларидан қишлоқ хўжалиги ва саноат маҳсулотларининг нафақат чегарадош, балки хорижий давлатларга экспорти янада тезлашади.
Шунингдек, Тожикистоннинг Хўжанд вилоятидан Россия, Хитой ҳамда Қирғизистон давлатларига олиб ўтиладиган транзит юклар ҳам “Учқўрғон” чегара пости орқали ҳаракатланиши натижасида Андижон вилояти “Дўстлик” чегара постидаги транспорт оқими 30-40 фоизга камайиши кутилмоқда.