Аёлларни қўллаб-қувватлашнинг янги механизми ишлаб чиқилади — тафсилотлар

Мазкур модул орқали аниқланган муаммолар тегишлилиги бўйича “маҳалла — туман — вилоят — республика” даражасида ҳал этилиши таъминланади.
Sputnik
TOШКЕНТ, 12 сен — Sputnik. Шу йил октябрь ойидан “Xotin-qizlar.uz” платформаси доирасида Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва тизимли ҳал этиш модули (Муаммоларни ўрганиш модули) ишга туширилади. Бу ҳақда ҳукумат томонидан қабул қилинган тегишли қарорда назарда тутилган.
Мазкур модул орқали аниқланган муаммолар тегишлилиги бўйича “маҳалла — туман — вилоят — республика” даражасида ҳал этилиши таъминланади.
2024 йил 1 октябргача модулга киритилган масалаларни, биринчи навбатда, маҳалла ва туман (шаҳар) даражасида, зарур ҳолларда эса вилоят ёки республика даражасида ҳал этиш ва мониторингини юритишни назарда тутувчи механизм жорий қилинади.
Шунингдек, модул орқали келиб тушган мурожаатларни масъул вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан ўрганиб чиқиш ва ҳал этишни таъминлаш мақсадида улар учун фойдаланувчи кабинетлар ташкил этилади.
"Биринчи октябрдан доимий равишда Муаммоларни ўрганиш модули орқали келиб тушган мурожаатлар билан ишлаш, хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал этиш юзасидан мониторинг юритилади", — дейилади ҳужжат матнида.
Ўзбекистонда хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги улуши 27 фоиздан 35 фоизга кўтарилди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг декабрь ойида президент томонидан қабул қилинган тегишли қарорга кўра, 2024 йил 1 февралдан “xotin-qizlar.uz” платформаси негизида “Банд бўлмаган хотин-қизлар” модули яратилиб, вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимларига интеграция қилинади.