TOШКЕНТ, 11 сен — Sputnik. Давлат тиббий суғуртаси доирасида бепул тиббий хизматлар кўрсатилади ва дорилар берилади. Бу ҳақда президентнинг тегишли қарори қабул қилинди.
“Давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этишга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарорига кўра, давлат тиббий суғуртаси доирасида бепул тиббий хизматлар кўрсатиш ва дори воситаларини тақдим этиш Давлат бюджетига тўланаётган солиқлар ҳисобидан амалга оширилади.
“Бунда аҳолидан давлат тиббий суғуртаси учун қўшимча тўлов ундирилмайди”, — дейилади ҳужжат матнида.
Қуйидагилар босқичма-босқич жорий этилади:
давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланадиган тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмлари тасдиқланади ва ушбу пакетга киритилган тиббий хизматлар ва дори воситалари Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси маблағлари ҳисобидан тақдим этилади;
кафолатланган пакетга киритилган тиббий хизматлардан бепул фойдаланиш учун белгиланган муддатларда тегишли тиббий кўриклардан ўтиш, оилавий шифокорга ёки тиббиёт бригадасига мурожаат қилиш талаб этилади;
шифокор расмийлаштирган электрон рецепт асосида дори воситалари кафолатланган пакет доирасида беморларга дорихоналар томонидан бепул берилади ва дорихоналарнинг тегишли сарф-харажатлари Жамғарма маблағлари ҳисобидан қопланади (реимбурсация дастури);
тиббиёт ташкилотлари фаолиятидаги жараёнларни ўз ичига олувчи “Электрон соғлиқни сақлаш” ахборот тизими яратилади ҳамда ишга туширилади;
кафолатланган пакетга киритилган тиббий хизматларни кўрсатишга давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотлари жалб этилади;
туман (шаҳар), вилоят ва республика шифохоналарида тиббий ёрдам кўрсатишда касалликнинг оғирлик даражасидан келиб чиқиб, бепул даволанадиган касалликлар рўйхати тасдиқланади ва амалиётга жорий этилади.
Шунингдек, имтиёзли тоифадаги шахслар шифокор кўрсатмасига биноан ахборот тизими орқали шакллантириладиган йўлланма асосида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бепул даволанади.
Келаси йил 1 июлдан фуқаролар тиббий ёрдамни электрон навбат асосида бепул олиш ҳуқуқига эга бўлади.
жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ёки ижтимоий солиқ тўловчилар;
Солиқ кодексига мувофиқ меҳнат стажини ҳисоблаб чиқариш учун белгиланган миқдорларда солиқ тўлаган шахслар;
вояга етмаганлар, таълим ташкилотлари ўқувчи-талабалари, ҳомиладор аёллар ва икки ёшга тўлмаган боласини парваришлаётган шахслар, меҳнат органларида ишсиз сифатида расмий рўйхатдан ўтганлар, давлат пенсиясини олувчилар ҳамда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали кам таъминланган деб эътироф этилган оилаларнинг аъзолари.
2027 йил 1 январдан сўнгги бир йил давомида камида 6 ой жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ёки ижтимоий солиқ тўлаганлар учун давлат тиббий суғуртаси тизимида юқори технологик тиббий ёрдам бепул амалга оширилади.