ТОШКЕНТ, 10 сен — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатнинг Осиё-Тинч океани минтақасида трансчегаравий қоғозсиз савдо тартибларини соддалаштириш бўйича ҳадли битимга қўшилишини маъқуллади. Бу ҳақидаги тегишли қарор қонунчилик маълумотлари миллий базасида эълон қилинди.
“Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 23-моддасига мувофиқ: 2016 йил 19 май куни Бангкок шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Осиё ва Тинч океани минтақаси бўйича иқтисодий ва ижтимоий комиссияси томонидан қабул қилинган Осиё ва Тинч океани минтақасида трансчегаравий қоғозсиз савдо жараёнларини соддалаштириш тўғрисидаги ҳадли битимга қўшилинсин”, — дейилади ҳужжат матнида.
Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ушбу халқаро шартномани амалга ошириш учун масьул бўлган ваколатли орган этиб белгиланди.
Ҳужжатда Ташки ишлар вазирлиги Ўзбекистоннинг мазкур халқаро шартномага қўшилганлиги ҳамда уни амалга ошириш учун масьул бўлган ваколатли орган тўғрисида тегишли билдиришномани депозитарийга юбориши белгиланган.
Вазирлар Маҳкамаси ҳамда тегишли вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари ушбу халқаро шартнома кучга киргандан кейин унинг қоидалари бажарилиши устидан белгиланган тартибда назоратни таъминлайди.