Ўзбекистон нуфузли ташкилотларга тадбирлар ўтказиш учун барча шароитларни яратиб бермоқчи

Шавкат Мирзиёев Халқаро тўқимачилик ишлаб чиқарувчилари федерацияси ва Халқаро кийим-кечак федерациясининг қўшма конференцияси иштирокчиларига табрик йўллади.
Sputnik
TOШКЕНТ, 9 сен — Sputnik. Ўзбекистон нуфузли халқаро ташкилотларга конференция, кўргазма, мода намойишларини мунтазам ўтказиб боришлари учун барча шароитларни яратиб беради. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёевнинг Халқаро тўқимачилик ишлаб чиқарувчилари федерацияси ва Халқаро кийим-кечак федерациясининг қўшма конференцияси иштирокчиларига йўллаган табригида маълум қилинди.
Бугун Самарқандда Халқаро тўқимачилик ишлаб чиқарувчилар федерацияси (ITMF) ва Халқаро кийим-кечак федерацияси (IAF) нинг йиллик конференцияси ўз ишини бошлади.
Қайд этилишича, янги технологиялар жорий этилгани натижасида пахта толасини қайта ишлаш 2017 йилдаги 40 фоиздан 100 фоизга етди. Айни вақтда четдан тола ва хомашё олиб келиб, юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш борасидаги ишлар ҳам бошланди.

“Соҳада яратилган имкониятлар туфайли тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 5 баробар кўпайди, уларнинг экспорти 4 карра ортди. Энг муҳими, илгари соҳада экспортнинг салмоқли қисми, яъни 70 фоизи хомашё ҳиссасига тўғри келган бўлса, бугунги кунда четга сотилаётган товарларнинг 60 фоизини тайёр маҳсулотлар ташкил этмоқда”, — дея маълум қилган Мирзиёев.

Корхоналардаги ишчилар учун халқаро талабларга жавоб берадиган, муносиб меҳнат шароитлари яратилмоқда, “Better Work” ва “Better Cotton” дастурлари тизимли жорий этилмоқда.

“Соҳада банд бўлган 600 мингдан зиёд аҳолининг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда”, — дейилади табрик матнида.

Шунингдек, тўқимачилик соҳасида миллий брендларни яратиш, мамлакатга нуфузли халқаро ва хорижий брендларни жалб этиш бўйича қатъий чоралар кўрилмоқда
“Биз хорижий ҳамкорларимизнинг ўзаро манфаатли барча ташаббусларини юксак баҳолаймиз ва қўллаб-қувватлаймиз. Жумладан, халқаро брендлар Ўзбекистонга кириб келиши учун зарур стандартларни жорий этишда ҳар томонлама кўмаклашамиз. Нуфузли халқаро ташкилотларга конференция, кўргазма, мода намойишларини юртимизда, айниқса, туризм ва саноат салоҳияти юқори бўлган Бухоро, Хива, Шаҳрисабз, Марғилон, Қўқон, Наманган, Андижон шаҳарларида мунтазам ўтказиб боришлари учун барча шароитларни яратиб беришга тайёрмиз”, — дея қайд этган мамлакат етакчиси.
Маълум қилинишича, анжуманда 500 тадан зиёд миллий ва халқаро ташкилотлар, ишлаб чиқарувчилар ва “ритейл” компаниялар вакиллари иштирок этмоқда.