Ўзбекистон ва ЕОИИ

Ереванда ўтадиган Евроосиё иқтисодий форумининг асосий мавзуси маълум қилинди

Бу йилги Евроосиё иқтисодий форумининг асосий мавзуси: “ЕОИИ 10 йиллиги: истиқболлар ва устуворликлар”.
Sputnik
TOШКЕНТ, 9 сен — Sputnik. Ереванда 30 сентябрдан 1 октябргача бўлиб ўтадиган III Евроосиё иқтисодий форумининг бу йилги асосий мавзуси “ЕОИИ 10 йиллиги: истиқболлар ва устуворликлар” деб номланди. Бу ҳақда Евроосиё иқтисодий комиссияси (ЕИК) матбуот хизмати хабар берди.
Форум иштирокчилари Иттифоққа аъзо давлатлар ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг долзарб йўналишлари, жумладан, ЕОИИни стратегик ривожлантириш, ҳар томонлама ва технологик ҳамкорлик, рақамлаштириш, транспорт инфратузилмаси ва логистикасини ривожлантириш, ички бозор сифати ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, халқаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама этишади.
Тадбирнинг бизнес қисмидаги сессиялар мавзулари биргаликда эътиборни талаб қиладиган Евроосиё “бешлиги” кун тартибидаги долзарб масалалар ечимини топишга қаратилади.
“Форум Евроосиё Ҳукуматлараро Кенгаши йиғилишига тўғри келади ва унда ЕОИИ мамлакатлари ҳукумат раҳбарлари ва давлат органлари вакиллари, учинчи давлатлар ҳукуматлари аъзолари, йирик, ўрта ва кичик бизнес раҳбарлари, Иттифоқ доирасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этиши кўзда тутилган”, — дейилади хабарда.
Тадбир Арманистон Республикасининг 2024 йилда Евроосиё иқтисодий иттифоқи органларига раислиги доирасида ўтказилмоқда.
Маълумот учун, Евроосиё иқтисодий форуми Иттифоқнинг иқтисодий соҳадаги йиллик бизнес тадбиридир. У навбат билан Иттифоқ органларига раислик қилувчи ЕОИИ давлатларидан бирида ўтказилади.
Ўзбекистон ва ЕОИИ
ЕОИИ товарлар ҳаракатига 10 йиллик чекловларни бекор қилди