TOШКЕНТ, 5 сен — Sputnik. Россия раҳбари Владимир Путин Шарқий иқтисодий форумнинг ялпи мажлисида Ўзбекистонда аллақачон 37 миллион аҳоли истиқомат қилаётгани, жумладан, мамлакат иқтисодиёти ўсиб бораётганини маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда аҳоли сони ҳар йили бир миллионга ўсмоқда. “У ерда аллақачон 37 миллион аҳоли яшайди. Яқинда 40 миллион ва ундан кўп бўлади. Шу билан бирга иқтисод ҳам ўсмоқда. Демак, аҳолининг энергия ресурсларига эҳтиёжи ортиб боради”, - деди Россия раҳбари.
“Уларнинг ташқи бозорларда ҳам мажбуриятлари бор, албатта, республика қўшимча ресурсларни талаб қилади. Ўтган йили Тошкентда ҳарорат -21° бўлди. Бу, эҳтимол, тарихда ҳеч қачон содир бўлмаган. Бизда эса шундай ресурслар бор”, — деди Путин.
Шунингдек, у Москва Туркманистон билан ҳаракатларни мувофиқлаштиришини, Эрон эса Россиядан "зангори ёқилғи" етказиб беришни сўраганини ҳам таъкидлади.
Маълумот учун, Шарқий иқтисодий форум 3-6 сентябрь кунлари Владивостокдаги Узоқ Шарқ федерал университети кампусида бўлиб ўтмоқда. Унинг асосий мавзуси “Узоқ Шарқ – 2030. Имкониятларни яратиб, кучларни бирлаштирамиз”.
Sputnik — Шарқий иқтисодий форумнинг бош ахборот ҳамкори ҳисобланади.