Бу йил давлат тиббий суғурта тизими қайси ҳудудларда жорий этилиши маълум бўлди

Давлат тиббий суғуртаси тизимини бошқа ҳудудларда 2026 йил якунига қадар жорий этиш режалаштирилган.
Sputnik
TOШКЕНТ, 5 сен — Sputnik. Давлат тиббий суғуртаси тизимини шу йил 1 октябрдан бошлаб Тошкент шаҳри ва Сирдарё вилоятида, 2025 йил 1 январдан Қорақалпоғистон Республикасида жорий этиш таклиф этилмоқда, дея хабар берди президент матбуот хизмати.
Президент Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинини такомиллаштириш ҳамда тиббий суғурта механизмларини жорий этиш чора-тадбирлари бўйича тақдимот билан танишди.
Соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлардан яна бири – давлат тиббий суғуртаси. Бу борада муайян ишлар бошланган ва тайёргарлик кўрилган.
“Давлат тиббий суғуртаси тизимини шу йил 1 октябрдан бошлаб Тошкент шаҳри ва Сирдарё вилоятида, 2025 йил 1 январдан Қорақалпоғистон Республикасида жорий этиш таклиф этилмоқда”, — дейилади хабарда.
Бунинг учун 2024 йил якунига қадар “Электрон поликлиника” ва “Электрон шифохона” ахборот тизимлари жорий қилинади. Тиббиёт ходимлари улардан фойдаланиш бўйича ўқитилади. Муассасалар зарур техника ва тармоқ қурилмалари билан жиҳозланади.
“Бу тизимнинг аҳамияти шундаки, тиббиётда натижага асосланган молиялаштириш усуллари татбиқ қилинади. Суғурта доирасида тиббий хизматларни кўрсатиш ва дори воситаларини тақдим этиш давлат бюджети ҳисобидан амалга оширилади, аҳолидан қўшимча тўлов ундирилмайди”, — дея қайд этилган хабарда.
Давлат тиббий суғуртаси тизимини бошқа ҳудудларда 2026 йил якунига қадар жорий этиш режалаштирилган.
Тошкентда давлат тиббий суғурта механизмлари жорий этилади — тафсилотлар