TOШКЕНТ, 4 сен — Sputnik. Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева БМТ бош котибининг махсус вакили, БМТнинг Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Каха Имнадзе билан учрашди, дея хабар берди Ўзбекистон юқори палатаси матбуот хизмати.
Учрашувда Ўзбекистоннинг БМТ ва унинг ихтисослашган идоралари, шу жумладан, Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболдаги режалари кўриб чиқилди.
“Мулоқот чоғида минтақа давлатлари ўртасида яқин қўшничилик алоқалари, иқтисодий ўсиш, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларни изчил давом эттириш юзасидан фикр алмашилди”, — дейилади хабарда.
Шунингдек, мулоқотда гендер тенгликни таъминлаш ҳамда ёшлар салоҳиятини рўёбга чиқариш, шу жумладан таълим билан боғлиқ масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Бу борада таъсирчан парламент назорати орқали ҳамкорликда аниқ манзилли дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга келишиб олинди.