ТОШКЕНТ, 3 сен — Sputnik. Ўзбекистон қонунчилигида тадбиркорлар учун бир қатор енгилликлар жорий этилади. Бу ҳақида 30 август куни қабул қилинган президент фармонида айтиб ўтилган. "Ҳуқуқий ахборот" Telegram-канали хабари асосида.
2024 йил 1 ноябрдан:
тадбиркорларнинг ортиқча истеъмол қилинган электр энергияси ҳамда табиий газ учун қўшимча тўлови 10 бараварга камайтирилади;
кичик бизнес учун ажратиладиган 100 миллион сўмгача гаровсиз микрокредитлар миқдори 300 млн. сўмгача оширилади;
️экспортчиларга ҚҚС ўрнини қоплаш механизми соддалаштирилади;
асбоб-ускуна импорт қилишда етказиб бериш муддати 180 кундан ортиқ бўлишига рухсат берилади.
2025 йил 1 январдан 2028 йил 1 январга қадар:
умумий овқатланиш корхоналарига фойда солиғи ставкаси 50 фоизга камайтирилади;
умумий овқатланиш корхоналарига ҚҚСнинг бир қисми қайтарилади (шартлари бор);
туризм соҳасида ишлаётган тадбиркорларга (меҳмонхона ва туроператорлар) ҚҚСнинг 20 фоизи қайтарилади.
2025 йил 1 январдан:
инсон ҳаёти ва соғлиғига юқори хавф солувчи омиллар реестри жорий қилинади (2024 йил 1 ноябрдан).
назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлар фаолиятини тўхтатиб туришга фақатгина Реестрга киритилган омиллар асосида йўл қўйилади.
назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлар фаолиятида ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфини аниқлаш бўйича “Хавфни таҳлил қилиш” электрон тизими жорий этилади.