ТОШКЕНТ, 3 сен — Sputnik. Ўзбекистон президентининг топшириғига мувофиқ, мамлакат ҳукумати Россиянинг Нижний Новгород вилоятида рўй берган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳалок бўлган фуқароларнинг жасадини ватанга қайтариш билан боғлиқ барча ташкилий масалаларни тезкорлик билан ҳал этиш бўйича зарур чораларни кўрмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси маълум қилди.
Элчихона хабарига кўра, М-12 “Восток” федерал автомагистралида содир бўлган ЙТҲда саккиз киши ҳалок бўлган. Улардан етти нафари Ўзбекистон фуқаролари эканлиги аниқланган. Қозон шаҳридаги Бош консулхонанинг қўшимча қилишича, 1 нафар шахснинг Ўзбекистон фуқаролигига мансублиги аниқланмоқда.
3 нафар ўзбекистонлик турли хил тан жароҳатлари билан тиббиёт муассасаларга жойлаштирилган.
Ушбу масала Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ва Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси томонидан алоҳида назоратга олинган.
Ўзбекистоннинг Қозондаги Бош консулхонаси раҳбарияти ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ваколатхонаси ходимлари воқеа жойида зарур ёрдам кўрсатмоқда.
Қўшимча маълумот олиш учун Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси Консуллик бўлимининг Call-марказига мурожаат қилиш мумкин: +7 499 238-36-20; +7-499 230-00-76. Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси: +7 843 526-55-63.
Эслатамиз, аввалроқ Россиянинг Нижний Новгород вилоятида содир бўлган ЙТҲ Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари жабрлангани хабар қилинган эди.