ТОШКЕНТ, 2 сен — Sputnik. Сурхондарё вилояти Бойсун туманида технологик фавқулодда ҳодиса содир бўлди. Бу ҳақида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар қилмоқда.
1 сентябрь куни, соат 15:17 да Сурхондарё вилояти Бойсун тумани "Кўлқамиш" МФЙ ҳудудида жойлашган "Мустақилликнинг 25 йиллиги" конига қарашли 604-сон қудуғида бурғулаш ишлари олиб бориш вақтида технологик жараённинг бузилиши натижасида олтингугурт (водород сулфид) гази чиқиши кузатилган.
Аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кон яқинида яшовчи фуқаролар хавфсиз ҳудудга эвакуация қилинган.
"Фуқароларнинг тан-жароҳати олиш ва ҳалок бўлиш ҳолатлари қайд этилмаган. Вазият тўлиқ назорат остида. Ваҳимага ўрин йўқ", - дейилган хабарда.
Ҳодиса жойига тегишли ташкилотларнинг вакиллари етиб борган. Мутахассислар барча зарурий ишларни олиб боришмоқда.