Ўзбекистон мустақиллиги: “Янги Ўзбекистон” боғида байрам тантанаси қандай ўтди?

Байрам табригида президент фуқароларни сайловда фаол иштирок этишга чақирди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 1 сен — Sputnik. Республика мустақиллигининг 33 йиллиги муносабати билан “Янги Ўзбекистон” боғида байрам тантанаси бўлиб ўтди, дея хабар берди Sputnik Ўзбекистон мухбири хабар берди.
Байрамда президент Шавкат Мирзиёев табрик нутқи билан сўзга чиқди.
Республика мустақиллигининг 33 йиллиги муносабати билан “Янги Ўзбекистон” боғида байрам тантанаси бўлиб ўтди

“Айнан мустақиллик туфайли миллий давлатчилигимиз қайта тикланди. Ўзбекистон янги тарихий даврга қадам қўйди. Айнан истиқлол туфайли Жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгалладик. Бу билан ҳар қанча фахрлансак, ғурурлансак арзийди. Шундай қутлуғ кунда Ўзбекистон мустақиллиги учун курашган ватанпарвар аждодларимиз хотирасини миннатдорлик билан ёдга олишимиз табиий, албатта. Бу фидойи зотларнинг номларини ҳеч қачон унутмаймиз! Уларнинг хотираси қалбимизда, юрагимизда ҳамиша яшайди”, — деди президент.

Қайд этилишича, сўнгги 7 йилда Ўзбекистон ташаббуслари асосида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан 10 дан зиёд, жумладан, жорий йилда 4 та махсус резолюция қабул қилинди.
Жаҳон банки бу йил мамлакати ялпи ички маҳсулоти 5,3 фоизга ўсишини прогноз қилди. Кўплаб давлатлар билан солиштирганда бу анча юқори кўрсаткичдир. Халқаро валюта жамғармаси эътироф этганидек, 2023 йилда ялпи ички маҳсулотимиз илк бор 100 миллиард доллардан ошди.
“Одамларимизда ҳаётдаги муаммолар ечимига дахлдорлик ҳисси, фаол фуқаролик позицияси кучаймоқда. Аҳолимиз “Ташаббусли бюджет” лойиҳасида фаол қатнашиб, маҳаллалар ҳамда ижтимоий объектларни молиялаштиришни мустақил ҳал этмоқда. Ўтган даврда юртдошларимиз маъқуллаган 13 мингдан ортиқ лойиҳалар учун 11 триллион сўм маблағ ажратилгани ҳам буни тасдиқлайди”, — дейди Мирзиёев.
Таъкидланишича, мамлакатда “Яшил макон” дастури давом этмоқда. Айниқса, Орол денгизи тубини кўкаламлаштириш ишлари муваффақиятли амалга оширилмоқда. Энг муҳими, ушбу лойиҳа минтақа бўйлаб чанг ва туз тарқалишининг олдини олишга ёрдам бермоқда.
Айтилишича, Ўзбекистон Қуролли Кучларини замонавий қурол-яроғ ва техника билан таъминлаш, уларнинг жанговар ва маънавий салоҳиятини оширишга бундан буён ҳам улкан эътибор қаратилади.
“Лекин тинчликни сақлаш фақат ҳарбийларимизнинг иши бўлиб қолмаслиги керак. Бу барчамизнинг, ҳар бир Ўзбекистон фуқаросининг муқаддас бурчи бўлиши шарт. Юртнинг кучи – бирликда, қадри эса тинчликдадир”, — дея таъкидлади мамлакат етакчиси.
Табрикда шунингдек, Янги Ўзбекистонни барпо этишдаги асосий бешта устувор йўналиш қайд этиб ўтилди: сифатли таълим тизимини йўлга қўйиш, бизнесни ривожлантириш, коррупциядан холи, адолатли суд тизимини яратиш, соғлиқни сақлаш соҳасини тубдан яхшилаш, экологик барқарорликни таъминлаш.
“Муаммоларимизнинг ечими, саволларимизнинг жавоби фақат ва фақат таълимда. Ҳамма эшикларни очадиган калит ҳам – фақат ва фақат таълим ва тарбиядир. Шу сабабли мактаб таълимини ислоҳ қилиш бўйича катта дастур қабул қилдик. Мактабларимизда аввало она тили ва адабиётни чуқур ўргатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Фарзандларимизга чет тилларидан сифатли таълим бериш мақсадида хорижий тил эгаларини олиб келмоқдамиз. Мактаб ўқувчилари жаҳондаги илғор тажрибалар асосида тайёрланган замонавий дарсликлар билан таъминланмоқда”, — дейди Мирзиёев.
Қайд этилишича, республикада дунёдаги нуфузли олийгоҳларнинг филиалларини очиб, Ўзбекистонни йирик таълим марказига айлантириш мақсад қилинган.
“Мен ҳурматли ота-оналарга қарата айтмоқчиман: қизларингизни ўқитинг, орзу-умидларини рўёбга чиқаришларида уларга кўмакчи бўлинг! Улуғларимиз айтганларидек, ўғил болани ўқитсак, бир киши саводли бўлади. Қиз болани ўқитсак, бутун оила, бутун жамият билимли бўлади! Бугун Ўзбекистоннинг барча ёшларига мурожаат қилмоқчиман. Қадрли ўғил-қизларим, мамлакатимиз истиқболи, барча эзгу ниятларимиз ижобатини биз аввало сизларнинг тимсолингизда кўрамиз. Келажакда турли соҳаларда улкан ютуқ ва зафарларга эришиб, юртимизни дунёга янада кенг тараннум этишингизни истаймиз”, — дея мурожаат этди президент.
Президент ўз сўзида “биз энди 37 миллионлик катта халқмиз”, дея қайд этди.
“Ўзбекистон ҳозирги кунда аҳоли сони бўйича жаҳондаги энг йирик 40 та давлатдан бири ҳисобланади. Бу рақамни ислоҳотларимиз, меҳнатимиз, билим ва қобилиятимиз билан катта салоҳиятга айлантиришимиз керак. Денгизга чиқиш имкониятимиз чекланганини инобатга олиб, эътиборимизни креатив соҳаларга қаратишимиз, уларни жадал ривожлантиришимиз зарур. Жаҳонда креатив саноат маҳсулотлари экспортидан йилига миллиардлаб доллар даромад топаётган мамлакатлар кўп. Бинобарин, шундай маҳсулот ишлаб чиқаришга бел боғлаган ижодкор ишбилармонларимизни, айниқса, ёшларимизни ҳар томонлама рағбатлантирамиз”, — дея қўшимча қилди у.
Минтақамиз иқтисодий ўсиш ва инвестицион фаоллик марказларидан бири сифатида жадал ривожланмоқда.
“Бугунги ноёб тарихий имкониятлар асосида Марказий Осиёда ҳар томонлама соғлом сиёсий муҳит, келгуси авлодлар учун эркин ва хавфсиз келажак яратишимиз зарур. Айни пайтда дунёнинг барча давлатлари билан тенг ҳуқуқли, ўзаро манфаатли алоқаларимизни янги босқичга кўтарамиз”, — дейди Мирзиёев.
Президент ўз сўзида, 27 октябрь куни Олий Мажлис ва ҳудудлардаги вакиллик органларига бўлиб ўтадиган сайловларга хам тўхталиб ўтди.
“Ушбу сайловлар янгиланган Конституциямиз белгилаб берган ижтимоий-сиёсий муҳитда, ривожланган давлатлардаги каби илк бор аралаш сайлов тизими асосида ўтказилади. Сиёсий партиялар томонидан Қонунчилик палатасига депутатликка номзодлар кўрсатишда ҳурматли аёлларимизнинг улуши камида 40 фоиз бўлиши белгилаб қўйилди. Ишонаман, бўлғуси сайловлар халқаро сайлов стандартлари ва миллий сайлов қонунчилигига тўла мувофиқ ҳолда, кучли рақобат муҳитида бўлиб ўтади”, — деди президент.
В парке "Янги Узбекистон" состоялись праздничные торжества по случаю 33-й годовщины независимости нашей страны.
Мамлакат етакчиси бутун халқни сайловда фаол иштирок этиб, Янги Ўзбекистон учун, эркин ва фаровон ҳаёт, фарзандларнинг бахти ва истиқболи учун овоз беришга чақирди.
1 / 6
2 / 6
3 / 6
4 / 6
5 / 6
6 / 6
Тадбир сўнгида Янги Ўзбекистон боғида Мустақиллик кунига бағишланган салют отилди.
Мустақилликнинг 33 йиллиги муносабати билан қатор соҳалар ходимлари мукофотланди — рўйхат