Камчаткада бортида 22 киши бўлган Ми-8 вертолёти ҳалокатга учради — тафсилотлар

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотларига кўра, ҳозиргача 17 кишининг жасади топилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 1 сен — Sputnik. Камчаткада Ми-8 вертолёти ҳалокатга учради, дастлабки маълумотларга кўра, бортдаги 22 кишининг барчаси ҳалок бўлган, деб хабар берди РИА Новости.
Шанба куни Вачкажец тоғ тизмасидаги қўниш жойидан Николаевка қишлоғига учаётган вертолёт манзилига етиб келмай, радарлардан ғойиб бўлган. Бугун унинг парчалари тахминан 900 метр баландликдаги тепаликнинг тепасида топилган.
“Россия Федерацияси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Камчатка ўлкаси бўйича Бош бошқармаси қидирув-қутқарув гуруҳининг 9 нафар қутқарувчиси воқеа жойида. Ҳозиргача 17 кишининг жасади топилган. Қидирув давом этмоқда”, — дейилади Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарида.
Россия Тергов қўмитасининг Шарқий минтақалараро транспорт тергов бошқармаси терговчилари фалокат сабабларини аниқламоқда.
“Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 263-моддаси 3-қисми “Эҳтиётсизлик оқибатида икки ёки ундан ортиқ шахснинг ўлимига сабаб бўлган ҳаракат ва ҳаво транспортидан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш” бўйича жиноят иши қўзғатилмоқда",— дейилади Тергов қўмитаси хабарида.
Қайд этилишича, 1 сентябрь куни қидирув-қутқарув ишлари давомида Камчатка ўлкасининг Елизовский туманида вайрон бўлган ҳолатда самолёт топилди. Экипаж аъзолари ва йўловчилар ҳақидаги маълумотларга аниқлик киритилмоқда.