ТОШКЕНТ, 1 сен — Sputnik. Ўзбекистонлик Шарифа Давронова Перуда бўлиб ўтган енгил атлетика бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида олтин медалига сазовор бўлди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси хабар берди.
Перуда енгил атлетика бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати ўз якунига етди. Унда Шарифа Давронова уч ҳатлаб сакраш дастурида ғалаба қозониб, дунё биринчиликларидаги иккинчи олтин медалига сазовор бўлди.
Давронова мусобақада 13.75 метр натижа қайд этди. У 2 йил муқаддам Колумбиядаги U20 жаҳон чемпионатида ҳам олтин медал соҳиби бўлган эди.
Шунингдек, баландликка сакраш дастурида медаллар учун кураш олиб борган Барнохон Сайфуллаева 1.84 метрга сакраб, шахсий рекордини такрорлади. Афсуски, бу Сайфуллаевага совринли ўринларга кўтарилиш учун камлик қилди ва у мусобақани 6-ўринда якунлади.