Мирзиёев қатағон қурбонларини ёд этиш маросимида иштирок этди

Маросимда аждодлар ҳақига Қуръон тиловат қилинди, элга ош тортилди.
Sputnik
TOШКЕНТ, 31 авг — Sputnik. 31 август – Қатағон қурбонларини ёд этиш куни муносабати билан Шаҳидлар хотираси хиёбонига давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, зиёлилар йиғилди. Маросимда президент Шавкат Мирзиёев иштирок этди, дея хабар берди президент матбуот хизмати.
Маросимда аждодлар ҳақига Қуръон тиловат қилинди, элга ош тортилди.
На аллее "Шахидлар хотираси" состоялась церемония поминовения жертв репрессий
“Мустақиллик байрами арафасида, бугунги тинчлик, эркинлик шароитида қаҳрамон боболаримизнинг пок номларини эслаш, табаррук хотираларига эҳтиром кўрсатиш биз учун ҳам қарз, ҳам фарз. Шу боис дунёдан ўтган ватандошларимизнинг ҳам қадрини тиклаяпмиз. “Инсон – азиз, хотира – муқаддас” деган эзгу шиор ҳаётимиздан мустаҳкам жой олаяпти. Табаррук ёдгорлик мажмуалари бунёд этаяпмиз. Маърифатпарвар боболаримиз ҳақида бадиий ва илмий асарлар, кинофильмлар яратилмоқда. “Хотира” китоблари тайёрланмоқда. Халқаро конференциялар ўтказилмоқда. Мана, сўнгги уч йил ичида 1 минг 200 дан зиёд сиёсий қатағон қурбонларининг номини оқладик. Бу нимани англатади? Бу – адолат синмаслигини, ҳақиқат барибир тантана қилишини англатади”, – деди Шавкат Мирзиёев.
Ўтган йилги маросимда давлат раҳбари жойлардаги қатағон қурбонларини аниқлаш, бу борада тадқиқотларни кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берган эди. Шу асосида жорий йил 19 июль куни “Сиёсий қатағон қурбони бўлган юртдошларимиз ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, тарғиб этиш ҳамда уларнинг хотирасини абадийлаштириш борасидаги ишларни кенгайтириш тўғрисида” президент қарори қабул қилинди. Унга мувофиқ, бу ишларни мувофиқлаштириш бўйича республика комиссияси тузилиб, Мудофаа вазирлиги бошчилигида бир қатор мутасадди ташкилотлар бириктирилди.
На аллее "Шахидлар хотираси" состоялась церемония поминовения жертв репрессий
Давлат раҳбари ушбу қарорнинг моҳияти ва мақсади ҳақида гапирди.
“Шу пайтгача қатағон қурбонларининг тўлиқ рўйхати шакллантирилмаган эди. Ҳолбуки, бу рўйхатдаги ҳар бир рақам ортида инсон тақдири бор. Шаҳид кетган, қатағон қилинган ҳар бир юртдошимизнинг ҳаёти – қаҳрамонлик. Шу боис биз қарорда қатағон қурбонларини номма-ном аниқлаш, уларнинг ибратли ҳаётини ўрганиш ва тадқиқ этиш масаласига алоҳида эътибор қаратдик. Тарихий ҳақиқатни тиклаш мақсадида уларнинг табаррук номларини кўп жилдлик “Қатағон қурбонлари” китобига ҳамда мана шу мажмуада барпо этиладиган рамзий китоб саҳифаларига ёзиб қўямиз. Афсуски, чет давлатларда, ҳатто ўзимиздаги архивларда бу масалага оид барча маълумотларни ҳам тўлиқ ўрганганимиз йўқ. Шу сабабли, бу борада илмий экспедициялар ташкил этиш белгиланди. Энди ҳар йили октябрь ойининг биринчи ҳафтасини мамлакатимизда Сиёсий қатағон қурбонларини ёд этиш ҳафталиги сифатида нишонлаймиз”, - деди президент.
На аллее "Шахидлар хотираси" состоялась церемония поминовения жертв репрессий
Қарорга кўра, мазкур ҳафталик давомида аҳоли ўртасида учрашувлар, турли кўргазма ва танловлар, шу мавзудаги кино намойишлари ўтказилади. Вилоят, туман ва шаҳарлар ҳокимлари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, бошқа масъул шахслар қатағон қурбонлари яшаб ўтган хонадонларга кириб, уларнинг авлодларидан хабар олади.
Фидойи аждодлар туғилиб ўсган, яшаган хонадонларга эсдалик лавҳалари ўрнатилади. Улар яшаган маҳаллалар ва мактабларда Хотира бурчаклари ташкил этилади.
Мулоқотда бош вазирга ушбу ишларни ташкил этиш ва ижросини назоратга олиш бўйича кўрсатмалар берилди.
На аллее "Шахидлар хотираси" состоялась церемония поминовения жертв репрессий
Президент жадидлар ҳаётига оид ноёб ҳужжат ва экспонатлар билан жамоатчиликни кенгроқ таништириш кераклигини таъкидлади.
“Тўғри, кейинги вақтларда бу борадаги ишларимиз янги босқичга кўтарилди. Кўп номаълум номлар аниқланди. Китоблар, кинолар чиқарилди. Лекин буям кам. Бу борада ҳам маҳаллабай изланиш олиб бориш, бунга барча зиёлилар, нуронийлар, ҳуқуқ ҳимоячилари ҳисса қўшиши мақсадга мувофиқ. Бу қадриятга, умуммиллий ҳаракатга айланиши керак”, – деди давлат раҳбари.
Тадқиқотчиларни моддий рағбатлантириш, архив маълумотларини очиқлаш, тарихни ёшларга тўғри етказиш муҳимлиги қайд этилди.
На аллее "Шахидлар хотираси" состоялась церемония поминовения жертв репрессий
“Биз нима учун Имом Бухорий музейини ташкил қилаяпмиз? Нима учун тарихий кинолар ишлатаяпмиз? Чунки энг катта мактаб, энг катта тарбия – тарихнинг ўзи. Ёшларимиз тарихимизни яхши билиши, бошқалардан эмас, ўзимизнинг боболаримиздан намуна олиши керак. Бунинг асосини мукаммал қилиб, ёшларга муносиб тилда, қизиқарли тарзда, ижтимоий тармоқлар орқали етказиш, жамиятга сингдириш зарур. Ёш авлодни шу руҳда тарбияласак, ўз танлаган йўлимиздан қатъий бора оламиз”, – деди давлат раҳбари.
Дунёда хавф-хатарлар кучайиб, миллий ўзлик, эзгулик, қадрият каби тушунчалар заволга юз тутаётгани ёдга олинди.
“Мустақиллик – Аллоҳ таолонинг эл-юртимизга энг катта марҳамати, неъмати. Ҳар бир кун, ҳар бир йилнинг қадрига етиб, шукроналик ҳисси билан яшаш керак. Аждодларимизни эъзозлаш, халқни рози қилиш бўйича савоб ишларни кўп қилсак, Худо доимо йўлимизни очиб беради”, – деди президент.
На аллее "Шахидлар хотираси" состоялась церемония поминовения жертв репрессий