Йил бошидан буён 3 млрд кВт⋅с "яшил энергия" ишлаб чиқарилди

Муқобил энергиядан фойдаланиш натижасида 983,3 млн куб метр табиий газ тежалишига эришилди️, атмосферага 1,3 млн тонна зарарли газлар чиқишининг олди олинди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 30 авг — Sputnik. Ўзбекистонда йил бошидан буён қуёш ва шамол электр станциялари ёрдамида 3 млрд кВт⋅соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бу ҳақида Энергетика вазирлиги хабар қилмоқда.
"Бугун соат 16:45 ҳолати бўйича Ўзбекистондаги қуёш ва шамол электр станциялари томонидан 2024 йил бошидан бери ишлаб чиқарилган электр энергияси миқдори 3 млрд кВт⋅соатни ташкил қилди", - дейилади хабарда.
Бугун Ўзбекистоннинг 7 та вилоятида умумий қуввати 2,4 ГВт бўлган 9 та қуёш фотоэлектр станцияси ҳамда битта шамол электр станцияси "яшил" энергия ишлаб чиқармоқда.

Айтиш жоизки, шу пайтгача қуёш электр станциялари томонидан 2 млрд 677,8 млн кВт⋅соат, шамол электр станцияси томонидан эса 322,2 млн кВт⋅соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бунинг натижасида️ 983,3 млн куб метр табиий газ тежалишига эришилди️, атмосферага 1 млн 291,1 минг тонна зарарли газлар чиқишининг олди олинди.