TOШКЕНТ, 30 авг — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев 29 август куни пойтахтдаги бунёдкорлик ишлари билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбари 2021 йилда Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг эски биносини бориб кўрган, соҳада шароитларни яхшилаш бўйича топшириқлар берган эди. Кўп ўтмай, “Аҳолига гематология ва онкология хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида” президент қарори қабул қилинди.
Президент қарорида Республика онкология маркази учун янги мажмуа қурилиши ҳам белгиланган эди. Унинг лойиҳаси Жанубий Кореянинг шу соҳадаги клиникалари тажрибаси асосида ишлаб чиқилди. Уч йил давомида пухта иш олиб борилиб, Тошкент тиббиёт академияси ёнидаги 5 гектардан зиёд майдонда замонавий шифохона барпо этилди.
Республиканский онкологический центр РУз начнет работу в новом комплексе
© Пресс-служба президента Узбекистана
Янги мажмуа 9 та иншоотдан иборат бўлиб, асосий бинолар 8 қаватли. Уларда шифокор ва беморлар учун керакли шароитлар инобатга олинган. 1-қаватда поликлиника ва ташхис ускуналари, 2-қаватда лаборатория, стационар, реанимация ва жарроҳлик хоналари, юқори қаватларда палаталар жойлашган. Ерости қисмида радиотерапия, ядро тиббиёти бўлими, хўжалик хоналари бор.
Аввалги шифохона 370 ўринли эди. Янги марказда 650 та стационар ва 80 та кундузги ўринлар ташкил этилди. Шунингдек, бир кунда 500 нафар бемор амбулатор шароитда даволаниши мумкин.
Давлат раҳбари марказдаги қулайлик ва имкониятлар билан танишди.
Шавкат Мирзиёев ознакомился с условиями, созданными в новом комплексе Республиканского центра онкологии и радиологии.
© Пресс-служба президента Узбекистана
“Биз таълим ва тиббиётга алоҳида эътибор бераяпмиз. Чунки одамлар билимли бўлиб, соғлом бўлса, ўз йўлини топади. Бу марказ ҳам шундай ишлардан бири. Бу лойиҳага 1,2 триллион сўм ажратиб, "нолдан" қурдик. Барча онкология шифохоналарини жиҳозлашга 80 миллион доллар йўналтирилди. Эндиги асосий вазифа - ходимларни ўқитиб олиш, самарали бошқарувни йўлга қўйиш”, - деди Мирзиёев.
Президент марказда иш жараёнини рақамлаштириш, беморларга қулайликларни ошириш бўйича кўрсатмалар берди.
Шавкат Мирзиёев ознакомился с условиями, созданными в новом комплексе Республиканского центра онкологии и радиологии.
© Пресс-служба президента Узбекистана
“Энг асосий топшириқ - рақамлаштириш. Одамлар сарсон бўлмасин, навбатда туриб қийналмасин. Бу марказ фақат Тошкент учун эмас, уни ҳудудлардаги 15 та шифохона билан шундай боғлаш керакки, беморлар ўзининг келиш вақтини, докторини олдиндан билсин. Бунинг учун сунъий интеллектни кенгайтириб, инсон омилини камайтириш керак”, - деди давлат раҳбари.
Шавкат Мирзиёев ознакомился с условиями, созданными в новом комплексе Республиканского центра онкологии и радиологии.
© Пресс-служба президента Узбекистана
Марказ ўзининг ҳудудлардаги филиаллари билан ягона электрон платформага уланади ва республикада “канцер-регистр” тизими ишга туширилади. Бунинг натижасида назоратда турган барча онкологик беморлар ҳақидаги маълумотлар яхлит кўриниб туради.
Янги ускуналар ва шароитлар натижасида марказда ўсма касалликларини эрта аниқлаш ҳамда даволаш самарадорлиги бир неча баробар ошади. Бу ўлим ҳолатларини камайтириш, инсонларни соғайтириб, умрини узайтиришга хизмат қилади. Шунингдек, бу тиббиёт туризмига ҳам манба бўлади.