TOШКЕНТ, 30 авг — Sputnik. Россия Украина Қуролли кучларининг Курск авантюрасидан (тасодифий муваффақиятга эришиш учун таваккалига қилинган хатти-ҳаракат) кейин АҚШ ва Украина билан музокаралар олиб боришни истамайди, деди Пентагон раҳбарининг истеъфодаги маслаҳатчиси, полковник Дуглас Макгрегор YouTube'даги “Deep Dive” каналида.
“Вашингтонда тушунишни исташмайдиган асосий янгилик шундаки, Россия энди биз билан музокаралар олиб боришни истамайди. Бу якун, ҳаммаси тугади. Бу уруш Москвага мос келадиган шартлар билан тугайди”, - дейди эксперт.
Макгрегорнинг фикрича, можарони ҳал қилишда АҚШ манфаатлари ҳисобга олинмайди.
“Президент Путин Ғарбда оқилона музокаралар олиб борадиган одамлар йўқлигини тушунди”, - дея хулоса қилди офицер.
Аввалроқ Россия раҳбари Киев билан дипломатик алоқалар истиқболлари ҳақида гапирар экан, тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмасига ҳужум қилаётганлар билан музокара олиб бўлмаслигини айтганди.
Украина бўлинмалари 6 август куни эрталаб Курск вилоятидаги ҳудудларни эгаллаб олиш мақсадида ҳужумга ўтди. Россия Бош штаб бошлиғи Валерий Герасимовга кўра, уларнинг юриши тўхтатилди. Унинг таъкидлашича, минтақадаги операция душманни мағлуб этиш ва давлат чегарасига етиб бориш билан якунланади.