Паралимпия ўйинлари: илк кунда Ўзбекистон делегацияси 2 медаль қўлга киритди

Мусобақа 8 сентябрга қадар давом этади.
Sputnik
TOШКЕНТ, 30 авг — Sputnik. Ўзбекистон делегацияси Париж-2024 ёзги Паралимпия ўйинларида иккита медаль қўлга киритди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси хабар берди.
Илк медалга пара сузувчи Муслима Одилова муаллифлик қилди. С13 классида иштирок этган Одилова 100 метрга баттерфляй усулида сузиш дастурида маррага учинчи бўлиб етиб келди ва бронза медалига сазовор бўлди.
Пара таэквондочи Зиёдахон Исоқова иккинчи медални келтирди. -47 кг вазн тоифасида иштирок этаётган Исоқова финалда перулик Леонор Каррансага қарши муросасиз кечган баҳсда 4:10 ҳисобида имкониятни бой берди ва кумуш медалга сазовор бўлди.
Кеча Франциянинг Париж шаҳрида XVII ёзги Паралимпия ўйинлари бошланди. Мусобақа 8 сентябрга қадар давом этади. Ўзбекистон делегацияси ўз тарихида илк бор 9 спорт турида 65 нафар спортчи билан 113 та лицензия қўлга киритишга муваффақ бўлган.