ТОШКЕНТ, 28 авг — Sputnik. Ўзбекистонда 2026 йилда Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари бўлиб ўтади, дея хабар берди Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати.
Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари Эдил Байсалов жорий йилнинг 8-14 сентябрь кунлари Остона шаҳрида (Қозоғистон Республикаси) бўлиб ўтадиган V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларида иштирок этиш учун Қирғизистон терма жамоасининг тайёргарлиги бўйича йиғилиш ўтказди.
“Бундан ташқари, учрашув давомида 2026 йилда Ўзбекистон Республикасида бўлиб ўтадиган VI Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди”, — дейилади хабарда.
Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари Қирғизистон брендидир. Улар биринчи марта 2014 йилда ўтказилган. 2016 ва 2018 йилларда улар Қирғизистонда ҳам бўлиб ўтган. 2022 йилда ўйинлар Туркияда бўлиб ўтган бўлса, бу йил Қозоғистонда ўтказилади.
Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари лойиҳасининг асосий жиҳати спорт, маданий ва илмий дастурларнинг учлигидир. Бу компонентларнинг ўзаро алоқадорлиги миллий этник спорт турларини, умуман, кўчманчи маданиятни ҳар томонлама ўрганиш ва жаҳон миқёсида тарғиб қилиш имконини беради.
Остона шаҳрида бўлиб ўтаётган ўйинларнинг спорт дастури доирасида 20 та беллашув ва 10 та кўргазмали спорт тури бўйича мусобақалар ўтказиш режалаштирилган.
Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари ЮНЕСКОнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган. Бу шунчаки спорт мусобақаси эмас, балки 80 тадан ортиқ мамлакатларни бирлаштирган кўчманчи халқларнинг маданий меросига чуқур сингдиришдир.