Мирзиёев 2028 йилги олимпиадага тайёргарликни ҳозирдан бошлаш кераклигини айтди

Шавкат Мирзиёев XXXIII ёзги Олимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорлари билан учрашди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 28 авг — Sputnik. Кўксарой қароргоҳида президент Шавкат Мирзиёев Париж Олимпиадасида иштирок этган спортчилар, уларнинг ота-оналари ва мураббийлари билан учрашди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов.
Президент Париждаги натижаларни чуқур таҳлил қилиб, улардан зарур хулоса ва сабоқлар чиқарган ҳолда 2028 йили Лос-Анжелесда бўладиган навбатдаги олимпиадага тайёргарликни ҳозирдан бошлаш кераклигини қайд этди.
Шавкат Мирзиёев встретился с победителями и призерами XXXIII летних Олимпийских игр.
“Масалан, Париж олимпиадасида 32 та спорт тури бўйича 329 та медаль учун кураш олиб борилди. Сузиш, сувга сакраш, синхрон сузиш, сув полоси, енгил атлетика, эшкакли, байдарка ва каноэда сузиш, велоспорт, ўқ отиш ва камондан отиш, гимнастика бўйича бизда спорт федерациялари ҳам, мусобақаларга тайёргарлик кўриш учун тегишли база ҳам бор. Энг муҳими, бу борада иқтидорли спортчилар ҳам етарли экани таъкидланди”, — дейилади хабарда.
Айтилишича, чим устида хоккей, баскетбол, гандбол, регби, сув полоси каби жамоавий спорт турлари, юнон-рум кураши, от спорти, замонавий бешкураш, триатлон, қиличбозлик бўйича ҳам ҳали ишга солинмаган имкониятлар жуда кўп.
"Олдимизда тўрт йил вақт бор. Ўйлайманки, спорт федерациялари раҳбарлари ўзларига хулоса қилиб, Лос-Анжелесда бўлиб ўтадиган олимпиадага муносиб тайёргарлик кўрадилар", — деди президент.
Бунга эришиш учун ҳар бир олимпия спорт турини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади. Шу мақсадда келгуси тўрт йилда спортчиларни тайёрлаш бўйича катта дастурлар қабул қилинади.
Ҳар бир йўналишда спорт медицинаси, фармакологияси, диетологияси, психологияси ва муҳандислиги бўйича чет элдан малакали мутахассислар жалб этилади.
Бу борада “Олимпия шаҳарчаси”да мусобақалар ва ўқув-машғулотларни илғор хорижий тажрибалар асосида ўтказиш бўйича алоҳида тизим яратилади.
Баҳодир Жалолов, Оксана Чусовитина мактаблари каби ихтисослашган спорт муассасалари ҳар бир ҳудудда, ҳар бир спорт йўналиши бўйича ташкил қилинади.
Бундан ташқари, жойларда, айниқса, маҳаллаларда янги-янги иқтидорларни кашф қилиш, уларни манзилли селекция асосида халқаро мусобақаларга тайёрлаш бўйича ҳам алоҳида дастур жорий этилади.
"Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон – Олимпиада ўйинларида нафақат курашчи-паҳлавонлар юрти, балки чавандоз ва югурувчилар, мерган ва қиличбозлар, гимнаст ва сузувчилар, футболчи ва теннисчилар, марафончи ва велоспортчилар мамлакати сифатида ҳам муносиб иштирок этиши керак", — деди Мирзиёев.
Бунинг учун мамлакатдаги зарур спорт инфратузилмасига эга бўлган 15 та Олимпия ва паралимпияга тайёрлаш маркази, 6 та Республика олий спорт маҳорати мактаби, 56 та ихтисослаштирилган спорт мактабига ана шу йўналишларда юқори маҳоратли спортчиларни тарбиялаган маҳаллий ва хорижий тренерларни бириктириш лозимлиги таъкидланди.
Ўзбекистон президентининг шу йил 23 августдаги фармонига мувофиқ, Олимпия ўйинларида юксак натижаларга эришган спортчи ва мураббийлардан бир гуруҳи фахрий унвон ва орденлар билан тақдирланган эди. Тадбирда ана шу юксак мукофотлар тантанали равишда топширилди.
1 / 6
2 / 6
3 / 6
4 / 6
5 / 6
6 / 6