TOШКЕНТ, 27 авг — Sputnik. Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистоннинг 2024–2028 йилларга мўлжалланган янги мамлакат ҳамкорлиги стратегиясини ишга туширди, бу эса мамлакатни яшил ва инклюзив иқтисодиётга айлантириш бўйича ислоҳотларни қўллаб-қувватлайди, дея хабар берди банк матбуот хизмати.
Янги беш йиллик стратегия доирасида ОТБ Ўзбекистон ҳукумати билан мамлакатнинг яшил иқтисодиётга ўтишини қўллаб-қувватлаш, хусусий сектор ривожланиши ва рақобатбардошлигини қўллаб-қувватлаш, инсон капиталига сармоя киритишни рағбатлантириш бўйича яқиндан ҳамкорлик қилади.
Стратегия Ҳукуматнинг “Ўзбекистон 2030” деб номланувчи узоқ муддатли ривожланиш режасида белгиланган устувор йўналишларига мос келади.
“ОТБнинг Ўзбекистон бўйича янги ҳамкорлик стратегияси мамлакатни 2030 йилгача яшил иқтисодиётга ўтиш бўйича ўзининг стратегик мақсадларига эришишда қўллаб-қувватлайди”, — деди ОТБнинг Марказий ва Ғарбий Осиё бўйича бош директори Евгений Жуков.
Қайд этилишича, ОТБ Ўзбекистоннинг кўп йиллик ишончли ҳамкори сифатида, ҳатто ташқи глобал ва минтақавий зарбалар шароитида ҳам мамлакатга барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш ва қашшоқликни камайтиришга ёрдам беришга содиқ қолади.
Янги стратегия ОТБнинг энергетика, давлат секторини бошқариш, молия, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва табиий ресурсларни бошқариш ҳамда шаҳарларни ривожлантириш каби қатор тармоқлардаги фаолиятини ўз ичига олади. Банк таълим ва ижтимоий ҳимояни ривожлантиришни ҳам қўллаб-қувватлайди.
“ОТБ янги ҳамкорликнинг стратегик мақсадларига эришиш учун сиёсий мулоқот ва инновацион ечимлар билан бир қаторда мамлакатдаги суверен ва хусусий сектор фаолиятини сафарбар қилади”, – деди ОТБнинг Ўзбекистондаги доимий ваколатхонаси директори Канокпан Лао-Арайа.
Иқтисодиётда хусусий секторнинг ролини кенгайтириш учун қулай муҳитни қўллаб-қувватлаш мақсадида ОТБ макроиқтисодий ва фискал ислоҳотларни, шунингдек, давлат корхоналарини ўзгартириш ва хусусийлаштиришга тайёрлашни кучайтиради. Банк хусусий секторнинг иқтисодий ривожланишдаги иштирокини, жумладан, ички молия бозорлари ва инфратузилма инвестицияларини яхшилаш орқали қўллаб-қувватлайди.
ОТБ, шунингдек, тўғридан-тўғри суверен бўлмаган молиялаштириш ва давлат-хусусий шериклик орқали хусусий секторни қўллаб-қувватлашни оширади.
Ўзбекистонда 2030 йилгача инсон капиталини ривожлантириш мақсадларига эришиш учун ОТБ кўмаги бутун мамлакат бўйлаб таълим ва малака ошириш сифати, инклюзивлиги ва долзарблигини ошириш, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, шу жумладан хусусий секторнинг кенгроқ иштирокини рағбатлантириш ва энг заиф қатламларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилади.
Хусусий сектор операцияларига стратегик силжишига мувофиқ, ОТБ маҳаллий ва халқаро компаниялар, инвесторлар ва бизнес бирлашмалари билан биргаликда молиялаштириш бўйича ҳамкорлик ва мулоқотни кенгайтиради. ОТБ, шунингдек, иқлим ўзгаришига қарши курашиш, одамларга сармоя киритиш, гендер тенглигини таъминлаш ва заиф гуруҳларни қўллаб-қувватлаш учун фуқаролик жамияти ташкилотлари билан самарали ҳамкорликни давом эттиради.
Ўзбекистон ОТБга 1995 йилда аъзо бўлган ва ўшандан бери банк мамлакатга 12,5 миллиард доллар миқдорида кредитлар, грантлар ва техник ёрдам кўрсатди.